Лондонлик рассом ахлатдан пойга машинасини ясади
Технология
−
03 Август 2023
4822Британиянинг Envision Racing формула пойгалари компанияси рассом Лиам Хопкинс билан биргаликда ташлаб юборилган гаджетлардан Formula E пойга машинасининг тўлиқ ўлчамли, бошқариладиган нусхасини ясади. Бу ҳақда “Newatlas” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бундай машинани ясашдан мақсад электрон чиқиндилар муаммосига эътибор қаратиш ва қайта ишлатишни тарғиб қилиш бўлган.
“Қайта ишлаш хусусиятига эга бўлмаган замонавий гаджетлар тобора кўпроқ электрон чиқиндилар муаммосини келтириб чиқармоқда. Жаҳон иқтисодий форумига кўра, ҳар йили ташлаб юборилган тахминан 50 миллион тонна технологиянинг фақат бир қисми қайта ишланади. Сўнгги ҳисоб-китоблар бу кўрсаткич 2030 йилга келиб 74.7 миллион метр тоннага етиши мумкинлигини кўрсатди”, дейилган хабарда.
Шу сабабдан ҳамкорлар ташлаб юборилган телефон, ноутбук, вап таёқчалари, кабеллар ва телевизорлардан “Formula E Gen 3” пойга машинасини ясаган.
“Афсуски, бугун биз электроникани таъмирлаш ва қайта ишлаш ўрнига уларни ташлаб юборишни ва алмаштиришни танлаймиз, бу глобал электрон чиқиндилар инқирозига олиб келади. Дизайн ва ижодкорлик орқали биз электрон чиқиндилар масаласини ва унинг иқтисодий имкониятларини кўрсатмоқчимиз”, деди Хопкинс матбуот баёнотида.
Олдинги қанотни шакллантириш учун iPhone’лар ва бир марталик ваплардан фойдаланилган. Планшетлар ёрдамида ясалган орқа қанотдан эса кабеллар осилиб туради.
“Автомобиллар учун янги аккумулятор технологиясини синовдан ўтказиш билан бир қаторда, биз электрон чиқиндилар билан курашиш ва эски ноутбуклар, мобиль телефонлар ва бошқа электр қурилмаларидаги қимматбаҳо металлар ва минералларни қайта ишлатишни йўлга қўймоқчимиз”, деди Envision Racing компаниясининг бошқарувчи директори Силвиан Филипи.
Маълумотларга кўра, агар вап ва бошқа маҳсулотларда мавжуд бўлган миллионлаб литюм батареялар қайта ишланса, бу ноёб тупроқ минералларини қазиб олишга бўлган эҳтиёжни кескин камайтиради.
LiveБарчаси