Автомобиль туяни уриб юбориши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

image

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида автомобиль йўлда турган туяни уриб юборганидан сўнг қарши йўлакка чиқиб кетиб, бошқа машина билан тўқнашди ва оқибатда 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Sputnik Қозоғистон” хабар берди.

 

Қайд этилишича, воқеа “Ақтау – Бейнеу” автомобиль йўлида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Жетибай қишлоғидан Шетпе қишлоғи томон ҳаракатланган Toyota Camry йўлда турган туяни уриб юборган. Шундан сўнг, машина бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши ҳаракатланиш йўлагига чиқиб кетган ва у ерда бошқа Toyota Camry билан тўқнашган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 4 киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна 4 киши турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилган. Жабрланганлардан 1986 ва 2004 йилда туғилган икки нафар бемор реанимация бўлимига ётқизилган. Уларга бош мия жароҳати ва кўп сонли тан жароҳатлари ташхиси қўйилган, аҳволи оғир.

1996 йилда туғилган яна бир жабрланувчи травматология бўлимига ётқизилган. Унинг аҳволи барқарор бўлиб, шифокорлар назоратида қолмоқда. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Автомобиллар махсус автотураргоҳга жойлаштирилиб, зарур экспертизалар тайинланган.

Айни пайтда полиция ЙТҲнинг барча ҳолатларини ўрганмоқда. Жумладан, йўлга чиқиб қолган туянинг эгаси ким экани ҳам аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда вилоятида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг