Австралиялик эркак 1 млн долларлик балиқ тутиб олди

Олам

−

image

Австралиянинг Дарвин шаҳрида яшовчи 26 ёшли Мэтью Морис укаси билан тунда балиқ овлашга чиқиб, 1 миллион долларлик ютуқ сифатида денгизга қўйиб юборилган балиқни тутди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Маълум қилинишича, Морис жорий йилнинг 5 ноябрь куни футбол машғулотидан сўнг хориждан меҳмонга келган укаси билан қайиқда балиқ овлашга қарор қилган. Улар узоққа бормасдан, қайиқ тушириладиган жойдан бир километрга ҳам етмайдиган масофада тўхтаган.

Мориснинг айтишича, ака-ука балиқ тутишдан кўра бирга вақт ўтказиш ва суҳбатлашишни истаган. Бироқ ўша кечада у 80 сантиметр узунликдаги баррамунди балиғини тутган. Балиқ сувдан сакраб чиққанида унинг танасига бириктирилган қизил белгини кўрган. Бу белги Австралиянинг Шимолий ҳудудида ўтказилаётган “Million Dollar Fish” мусобақасидаги бош соврин эгасини англатган.

Мусобақа доирасида 1 октябрдан бошлаб сув ҳавзаларига соврин жамғармаси 10 минг доллардан бўлган 100 та махсус белгиланган балиқ ва битта 1 миллион долларлик бош совринли балиқ қўйиб юборилган. Морис тутган балиқни топширганидан кейингина ундаги қизил белги айнан миллион долларлик совринга тегишли эканини билган.

Шимолий ҳудуд Бош вазири Лиа Финнокьяро унга хушхабарни етказган. Шундан сўнг, Морис онаси ва укасига қўнғироқ қилиб, ютуғи ҳақида айтган.

Унинг сўзларига кўра, ютуқ пулига уй сотиб олиш, қарзларини тўлаш ва ўзига ҳам озгина совға олишни режалаштирган. Морис бу пулни оқилона сарфлаш ниятида эканини билдирган.

Қайд этилишича, у мусобақанинг 12 йиллик тарихида 1 миллион долларлик бош совринни қўлга киритган иккинчи иштирокчи бўлди. Бундан уч йил аввал Кэтрин шаҳрида яшовчи Киган Пейн ҳам шундай балиқни тутиб, миллион долларлик мукофотга эга чиққан.

Маълумот учун, ушбу мусобақа Шимолий ҳудуднинг туризм ва тадбирлар ташкилоти ҳомийлигида ўтказилади. Танлов 2027 йилнинг 31 мартигача давом этади. Ҳозирча 10 минг долларлик совринли балиқларнинг 96 таси тутилмаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг