Австралияда бошида оёқлари бор бузоқча туғилди
Бу қизиқ
−
16:37 1209 4 дақиқа
Австралиянинг Квинсленд штатида жуда ноодатий туғма аномалияга эга бузоқча дунёга келди – унинг бошидан тўғридан тўғри иккита қўшимча оёқ ўсиб чиққан. Бу ҳақда жорий йилнинг 10 октябрь куни ABC News хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ушбу ноёб ҳолат ветеринарлар олдига жиддий савол қўйган: ҳайвонга нормал яшаш учун имконият бериш керакми ёки уни эвтаназия қилган маъқулми? Якунда мутахассислар операция қилишга қарор қилган ва Спайдер лақабли бузоқча муваффақиятли жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.

Спайдернинг ҳикояси ветеринарларнинг эътиборини айнан қўшимча аъзоларнинг ноодатий жойлашгани билан ўзига тортган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, йирик шохли молларда бу каби туғма аномалиялар фанга маълум, бироқ ортиқча оёқлар бевосита бош соҳасида шаклланган бундай ҳолат шунчалик ноёбки, ҳатто тажрибали ветеринар ҳам ўз карьераси давомида бундай ҳолатга дуч келмаган.
Сидней университети Ветеринария фанлари мактаби ходими Имке Тамменнинг айтишича, ҳозирча бузоқчада қўшимча оёқлар нима сабабдан шаклланганини аниқ айтиб бўлмайди. Мутахассислар бунинг сабабларидан бири сифатида эгизак паразитлар феноменини кўрсатмоқда.
Гап эмбрионал ривожланишнинг энг дастлабки босқичларидаёқ содир бўлиши мумкин бўлган бузилиш ҳақида бормоқда. Маълум бир пайтда эгизаклардан бирининг муртаги камроқ ривожланган эмбрионни ютиб юбориши мумкин. Бунда иккинчи эгизакнинг тўқималари ва тана қисмлари биринчисининг организми ичида қисман ёки тўлиқ сақланиб қолишга қодир.

Айнан шундай механизм Спайдерда қўшимча аъзолар пайдо бўлишига олиб келган бўлиши мумкин, бироқ Таммен якуний хулоса чиқаришга ҳали эрта эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ушбу ноодатий аномалиянинг бошқача изоҳлари ҳам мавжуд.
Баъзида ҳайвон организмининг шаклланиш жараёнида мутахассислар олдиндан башорат қила олмайдиган бузилишлар юз беради. Тамменнинг айтишича, ҳайвоннинг ривожланишида баъзан “нимадир нотўғри кетади” ва бу турли туғма аномалияларга, жумладан, қўшимча оёқлар пайдо бўлишига олиб келади.
Шу билан бирга, бундай ҳолатлар ҳар доим ҳам айнан эмбрионал ривожланишнинг бузилиши билан боғлиқ бўлавермайди. Йирик шохли молларнинг айрим зотларида қўшимча оёқлар ирсий генетик касалликлар туфайли ҳам пайдо бўлиши мумкин. Олимларга бундай аномалияларнинг шаклланиши билан боғлиқ айрим генетик мутациялар аллақачон маълум.
Мутахассислар бундай ҳолатларнинг қанчалик кенг тарқалганини ҳозирча аниқ айта олмайди. Тадқиқотчилар йирик шохли моллар орасида қўшимча оёқларга эга ҳайвонлар қанчалик тез-тез туғилиши ҳақида ишончли маълумотларга эга эмас. Бу, жумладан, кўплаб шу каби ҳолатлар сезилмай қолиши ёки илмий статистикада қайд этилмаслиги билан боғлиқ.
Бироқ Спайдернинг ҳодисаси ҳатто шундай ноёб аномалиялар орасида ҳам ажралиб туради. Ғунажиннинг энг асосий хусусияти шундаки, иккита қўшимча оёқ танадан эмас, балки тўғрида тўғри унинг бошидан ўсиб чиққан.
Ветеринар Меган Смит ўзининг 20 йиллик касбий фаолияти давомида ҳеч қачон бундай ҳолатга дуч келмаганини айтган. Мутахассислар учун бу жиддий синов бўлган, чунки улар нафақат ҳайвоннинг ҳолатини баҳолаши, балки унинг келажакда нормал ривожлана олиши мумкинлигини ҳам тушунишлари керак бўлган.
Дастлаб эгалари Спайдерни эвтаназия қилиш имкониятини ҳам кўриб чиққан. Ҳайвоннинг ноодатий ҳолати ва унинг улғайиши сари юзага келиши мумкин бўлган потенциал муаммолар туфайли бундай қарор мантиқан тўғри кўриниши мумкин. Бироқ ветеринар бузоқчадан воз кечмасликни ва ортиқча оёқларни жарроҳлик йўли билан олиб ташишга уриниб кўришни таклиф қилган.
Агар Спайдер бошидаги қўшимча оёқлар билан ўсишда давом этганида, улар жиддий жисмоний қийинчиликларни келтириб чиқарган бўларди. Хусусан, ортиқча аъзолар ҳайвоннинг мувозанатни сақлаш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Шунинг учун ветеринарлар ҳайвон ҳали ёшлигидаёқ операция қилиб, аномалияни бартараф этишга қарор қилган.
Жарроҳлик амалиёти тахминан 90 дақиқа давом этган. Ҳолатнинг ноодатийлигига қарамай, операция муваффақиятли ўтган. Муолажадан сўнг Спайдер тезда соғайиб кетган ва шундан кейингина онасининг олдига қайтарилган.
Шу тариқа, австралиялик бузоқчанинг тарихи эгалари даствал қўрққанидек эвтаназия билан эмас, балки муваффақиятли жарроҳлик амалиёти билан якунланган. Энди Спайдер қўшимча иккита оёқсиз ҳолда онаси билан бирга улғайиши ва ривожланиш имкониятига эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида бир кўзли улоқча туғилган эди. Ушбу улоқчада ҳайвонларда жуда кам учрайдиган туғма аномалия аниқланган. Қозоғистонлик чўпонлардан бирининг подасида туғилган эчки боласида битта марказлашган кўз мавжуд бўлиб, у “циклоп” ҳолати сифатида баҳоланмоқда. Энг эътиборлиси, ушбу ягона кўз ичида иккита қорачиқ шакллангани кузатилган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь