Авиарейслар бўйича шикоятлар кескин кўпайди. Рақобат қўмитаси ўрганиш бошлади
Жамият
−
11 сентябр 1031 2 дақиқа
Ўзбекистонда ҳаво транспорти хизматлари бўйича истеъмолчилар мурожаатлари 2026 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,1 баробарга кўпайиб, 300 дан ортиқни ташкил этди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитаси авиарейслар кечикканда йўловчиларга компенсация тўланиши ҳолатларини ўрганмоқда.
Қўмитага келган мурожаатларда:
- рейсларнинг бир неча соатга кечикиши;
- йўловчиларга ўз вақтида аниқ ахборот берилмаслиги;
- сифатсиз хизмат кўрсатилиши;
- кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиниши каби ҳолатлар қайд этилган.
Таҳлилларга кўра, айрим ҳолларда ташувчининг айби билан кечиккан рейслар бўйича йўловчиларга компенсация ёки муқобил ечим таклиф этилмаган. Бу эса фуқароларнинг вақти, маблағи ва режаларига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Қўмита маҳаллий авиарейслар ташувчининг айби билан кечикканда йўловчиларга компенсация тўланиши ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши ҳолатларини очиқ манбалар асосида ўрганмоқда.
Юқоридагиларга кўра, авиакомпаниялардан рақамли платформаларидаги ахборотларни тўлиқ тақдим этиш ва қонунчиликка мувофиқлаштиришларини, фуқаролардан эса ушбу соҳадаги ўз таклиф ва эътирозлари юзасидан Рақобат қўмитасига мурожаат этишларини сўралади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Истанбул-Тошкент йўналишидаги HY272 рейси кечикиб, йўловчилар 16 соат аэропортда қолиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Ундан олдинроқ ҳам ижтимоий тармоқларда Centrum Air авиакомпаниясига нисбатан эътирозли мурожаатлар эълон қилинган эди. Хусусан, актриса Баҳора Арслонова ушбу компаниядан чипта олиб, манзилига уча олмаганини айтиб чиққанди.
Live
Барчаси