Авиакомпаниялар чипта нархларини мустақил белгилай олмайди – Шуҳрат Худойқулов

Жамият

image

Uzbekistan Airways авиакомпанияси ташкил этилганининг 34 йиллиги муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Унда авиачипта нархлари, чегирмалар ҳамда бозор механизмлари масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.

Матбуот анжуманида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ бошқарув раиси Шуҳрат Худойқулов авиачипта нархлари юзасидан ўз фикрларини билдирди. Унинг айтишича, 2025 йил якунларига кўра, авиакомпанияда ўртача бандлик даражаси 80 фоизни ташкил этган.

“Менинг шахсий фикримча, ички ва халқаро йўналишлардаги авиачипта нархлари меъёрий ҳолатда. Бу уларнинг бошқа авиакомпаниялар билан рақобатбардош эканини англатади. Агар нархлар рақобатбардош бўлмаганида, бозор бугунгидек ривожланмаган бўларди”,  дейди Худойқулов.

Унинг айтишича, бугунги кунда ички ва халқаро рейсларда фақат Uzbekistan Airways ва унинг шўъба корхонаси Silk Avia эмас, балки бошқа авиакомпаниялар ҳам фаолият юритмоқда. Шу боис авиакомпаниялар чипта нархларини бозор талабидан келиб чиқмасдан, мустақил равишда белгилай олмайди.

“Агар бозор кўтаролмаса, авиакомпания нархни ўзи хоҳлагандек белгилай олмайди. Бизда рейслар сони ҳам, чипта нархлари ҳам барча учун мутлақо қулай, деб айта олмайман”, дея қўшимча қилган у.

Шунингдек, Шуҳрат Худойқулов Uzbekistan Airways’нинг брендлари ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, ҳозирда Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airways Express брендлари фаолият юритмоқда. Express рейсларида авиачипталар нархи ўртача 20 фоизга арзон бўлиб, бунда айрим чекловлар мавжуд.

“Биз бу йўналишни low-cост маҳсулот сифатида бозорга олиб чиқдик. Ҳозирда Silk Avia ва Uzbekistan Airways Express’ни ягона маҳсулот сифатида таклиф қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Жамоа билан маслаҳатлашяпмиз, яқин кунларда қарорлар жамоатчиликка эълон қилинади”, дейди авиакомпания раҳбари.

Матбуот анжумани доирасида авиакомпаниянинг 34 йиллиги муносабати билан хизмат кўрсатувчи ходимлар учун ишлаб чиқилган янги дизайндаги формалар ҳам намойиш этилди. Илк бор рамзий либослар тўпламига трикотаж матодан тикилган кардиган киритилди. Шунингдек, устки кийим сифатида пальто ва иссиқ плашлар тақдим этилди. Ушбу янгиликлар куз-қиш мавсумида парвоз вазифаларини бажаришда қулайлик ва функционалликни ошириши қайд этилди.

Форманинг ранглар уйғунлиги мовий-гумбаз, тўқ кўк ва тўқ қизил рангларга асосланган бўлиб, дизайнда миллий атлас-адрас ҳамда нозик миллий нақшлардан фойдаланилган. Ушбу безаклар тараққиёт, уйғунлик ва миллий қадриятларга содиқлик рамзи сифатида талқин қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Uzbekistan Airways чегирма авиачипта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг