Атамбоев ўзига қўйилган айблар бўйича халқаро судда жавоб бермоқчи

Олам

image

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев ўзига қўйилган айблар юзасидан халқаро суд олдида жавоб беришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзиннинг Facebook’даги саҳифасида ёзиб қолдирди.

“Президент Садир Жапаров собиқ ҳукумат Қўй-Тош воқеаси бўйича очиқ суддан қўрқади, деб айтди. У мени коррупциядан тортиб то қотилликкача бўлган бир қанча жиноятларда айблади. Шу боис мен ҳокимиятга аниқ таклиф билан мурожаат қиламан – Бош прокуратурага Гаагадаги Халқаро жиноят судига мурожаат қилишни топширинг. Мен шахсан ўша судга чиқишга ва ўзимга қўйилган барча – сиёсийдан тортиб жиноийгача айблар бўйича жавоб беришга тайёрман”, дея ёзган у ўз саҳифасида.

Собиқ президент ҳукуматдан Қўй-Тош воқеаларида иштирок этган барча шахсларни озод қилишни талаб қилган, чунки у бу ишни “асоссиз”деб ҳисоблаган.

“Мамлакат раҳбариятига мурожаат қиламан: бу даражада пастлашманг, пасткашлик қилманг – Қўй-Тош иши ва бошқа сохта жиноий ишлар бўйича ноқонуний тарзда қамоқда ёки пробацияда сақланаётган бегуноҳ инсонларни озод қилинг. Бу одамлар фақат ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилганлари ва адолатли Қирғизистон ҳақидаги орзулари учун озодлигидан маҳрум бўлди. Уларнинг қамоқда қолиши – давлат ва унинг раҳбарияти учун исноддир. Агар ҳокимият ҳақиқатдан адолатга асосланган бўлса, халқаро трибунал олдида жавоб беришдан қўрқмаслиги керак. Агар Гаага суди мени айбдор деб топса, ҳар қандай жазони ўташга тайёрман”, деган Атамбоев.

Атамбоевнинг ҳибсга олиниши

Қирғизистонга 2011-2017 йилларда раҳбарлик қилган Атамбоев 2019 йилнинг 8 август куни Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида деярли бир кун давом этган махсус операция давомида қўлга олинган эди. Унга қўйилган барча айбловларни бир неча бор рад этган собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари қаршилик кўрсатган ва махсус бўлинманинг бир зобити операция давомида ҳалок бўлган. Тўқнашув вақтида 100 дан ортиқ одам, жумладан полициячилар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. 

Собиқ президент ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан зўравонлик қўллаш, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотиллик, қотилликка уриниш, шунингдек, гаровга олишни ташкил этиш, Бишкек иссиқлик электр станциясини реконструкция қилишдаги коррупция, Бишкекдаги “Форум” саноат гуруҳи биноси билан ноқонуний битим тузиш, Қўй-Тош қишлоғи ва Иссиқкўл вилоятидаги ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш айбловлари қўйилган. 

Собиқ давлат раҳбари 2020 йил ёзида 11 йилу 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кейинчалик Атамбоевга қўйилган баъзи айбловлар олиб ташланган, 2022 йил июнида эса у 2020 йил октябрь ойида Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, оқланган эди. 

Суд қарори билан 2023 йил 14 февралда 3,5 йил тартибли колонияда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди ва республикани тарк этди. Жорий йилнинг 3 июнь куни эса Бишкекнинг Первомай туман суди Қўй-Тош воқеалари бўйича ҳукм чиқарди. Собиқ президент Алмазбек Атамбоев мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ишдаги бошқа айбланувчиларга ҳам турли муддатлар берилди. Аммо орадан бир қанча вақт ўтиб, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорига изоҳ берди ва уни афв этишга тайёрлигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Алмазбек Атамбоев Қўй-Тош воқеалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг