Асосий мақсадимиз илк ғалабани нишонлаш – Шомуродов
Спорт
−
06:27 2960 2 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи сўнгги туридан ўрин олган Конгога қарши баҳс олдидан жамоанинг асосий мақсади турнирдаги илк ғалаба қўлга киритиш эканини таъкидлади. Бу ҳақда Шомуродов ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
Тажрибали ҳужумчининг сўзларига кўра, футболчиларнинг энг катта истаги — ўзбекистонлик мухлисларни хурсанд қилиш.
“Асосий мақсадимиз — бизни қўллаб турган халқимизни хурсанд қилиш. Илк голимизни урдик, эндиги вазифамиз Жаҳон чемпионатидаги биринчи ғалабага эришиш”, дейди Шомуродов.
Шунингдек терма жамоа сардори жамоа фақат ҳужум ҳақида эмас, ҳимоя ҳақида ҳам ўйлаши кераклигини таъкидлади.
“Ҳимояни ҳам унутмаслигимиз керак. Гол уришга интилиб, орқа чизиқни эътиборсиз қолдириш мумкин эмас. Биринчи навбатда ғалаба қозониш муҳим. Бунинг учун тартибли ва интизомли ўйин намойиш этишимиз керак”, дейди у.
Элдор Шомуродов мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши футболчилар учун катта куч бўлаётганини ҳам алоҳида таъкидлади.
“Мухлисларимиз бизга катта куч бағишлади. Нафақат стадиондаги, балки Ўзбекистондаги ишқибозларимизнинг ҳам қўллаб-қувватлашини ҳис қилдик. Уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз ва кейинги ўйинда уларни хурсанд қилиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз”, дейди Шомуродов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ўртасидаги учрашув эртага, 28 июнь куни Тошкент вақти билан 4:30 да бошланади. Жаҳон чемпионатидаги юришини давом эттириши учун Ўзбекистон терма жамоаси рақибни 5 та тўп фарқи билан мағлубиятга учратиши керак бўлади. Плей-оффга чиқиш учун Конго ДР терма жамоасига ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба қаноатлантиради.
Live
Барчаси