“Асирдаги аскарларимизга шафқатсиз муносабат қилинган”. Озарбайжон HRW айбловларига жавоб қайтарди
Олам
−
24 Март 2021
9370Аввалроқ, 19 март куни Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Human Rights Watch ташкилоти Тоғли Қорабоғдаги жанг пайтида асирга олинган арманистонлик ҳарбийларга нисбатан Озарбайжон кучлари томонидан ёмон муомалада бўлиб келингани тўғрисида баёнот берган эди.
Бугун, 24 март куни Озарбайжоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Сабина Алиева ташкилотнинг юқоридаги баёнотига ўз муносабатини билдирди.
“Биз Human Rights Watch’нинг арманистонлик ҳарбий асирларга нисбатан Озарбайжон кучлари томонидан ёмон муомалада бўлиб келингани тўғрисидаги ҳисоботда нохолис ёндашув акс этгани ва халқаро ҳамжамиятни чалғитаётганини афсус билан қайд этамиз“, дейди Сабина Алиева.
Омбудсманнинг таъкидлашича, можаролар, уларнинг оқибатлари, ҳарбий асирлар, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши ва бошқа шу каби нозик масалаларда холислик тамойилига риоя қилиш ҳамда бир томонлама муносабатдан қочиш учун фақат тасдиқланган фактлар, асосли далиллардан фойдаланиш керак.
"Шунингдек, мустақил халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари каби ишончли манбалардан олинган материаллар ҳамда фактларга мурожаат қилиниши керак. Афсуски, биз HRW ҳисоботида ушбу тамойилларни кўрмаяпмиз. Аксинча, икки томонлама стандартларга, ҳақиқат ва фактларнинг бузилишига гувоҳ бўлишда давом этмоқдамиз.
Биз ташкилотнинг суриштирув ўтказишини ҳамда нотўғри муносабат тўғрисида батафсил маълумот бериши мумкин бўлган Озарбайжоннинг ҳарбий асирларини тергов ва сўроқ қилишларини кутиб қоламиз. HRW ҳеч бўлмаганда, ўз ҳисоботларини эълон қилишдан олдин Озарбайжон омбудсманининг арман ҳарбийлари томонидан озарбайжонлик ҳарбий асирлар ва гаровга олинганларга нисбатан муносабат тўғрисидаги ҳисоботини ўқиши мумкин эди.
Озарбайжон омбудсманининг ҳисоботида озод этилган ҳарбийлар ва гаровга олинганларнинг кўрсатмалари мавжуд. Масалан, омбудсман томонидан шахсан олиб борилган суҳбат чоғида собиқ ҳарбий асирлардан бири уни ўткир темир таёқ билан уришгани, бошқаси уни ток билан қийнашгани, учинчиси эса уни бир неча бор “зажигалка“ билан ёқишганини маълум қилган.
Омбудсман билан юзма-юз учрашганда, озод қилинган ҳарбий асирлардан бири, жанговар ҳаракатлар пайтида у йирик калибрли қуролдан ўқ тегиши оқибатида чап оёғи ва ўнг кўзидан жиддий жароҳат олганини айтди. Қон кетишини тўхтатиш учун арманистонлик шифокор оғриқ қолдирувчи воситалардан фойдаланмасдан, тахминан уч соат давомида ярадорнинг жароҳатини тиккан. Бундан ташқари, шифохонадаги ҳамширалар унга спиртли аралашмадан укол қилиб, ўзларидан кейин айтилганларни такрорлашни талаб қилган ва агар маҳбус буни рад этса, уни янада қийноққа солиб, шафқатсиз муносабатда бўлган.
Бундан ташқари, озарбайжонлик маҳбусларга оила аъзолари ва қариндошлари билан мулоқот қилиш имконияти берилмаган.
Юқорида биз ташкилотга етказишни истаган баъзи бир қийноққа солиш ҳолатлари бўйича мисоллар келтирдик. Ушбу мавзу юзасидан батафсилроқ маълумотни Озарбайжон омбудсманининг Арманистондаги озарбайжонлик ҳарбий асирларга нисбатан қилинган муносабат тўғрисидаги ҳисоботида олиш мумкин. Шунингдек, ҳисоботда Арманистон аскарлари томонидан Озарбайжон ҳарбий асирлари қийноққа солингани ҳақидаги тортишувсиз далилларни намойиш этувчи видеофильмларга ҳаволалар мавжуд“, дейилади шарҳда.
Озарбайжон омбудсманига кўра, халқаро гуманитар ҳуқуқ қуролли низолар пайтида томонлардан ҳар қандай шароитда ҳам ҳарбий асирларга инсоний муносабатда бўлишни талаб қилади.
“Шуни таъкидлашни истардикки, томонларни Учинчи Женева Конвенцияси талабларига риоя қилишга ҳамда HRW’ни холис бўлишга чақирамиз“, дейилади ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.
Ўтган йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади.
Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.
Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди.
Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.
LiveБарчаси