ASEAN Ким Чен Иннинг ракетасидан хавотирга тушиб қолди 

Олам

image

Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) яқинда Шимолий Корея томонидан ракета учирилишидан жуда хавотирда ва Корея ярим оролининг ядросизланиши тарафдори. Бу ҳақда Жакартада тўрт кунлик йиғилиши давом этаётган ASEAN Ташқи ишлар вазирларининг бугун, 13 июль куни чоп этилган қўшма баёнотида айтилди.

“Биз яқинда КХДР томонидан баллистик ракета учирилганидан жуда хавотирда эканимизни билдирдик. Биз КХДРни кескинликни юмшатиш учун чора кўришга ва барча манфаатдор томонлар ўртасида тинчлик музокараларини ўтказишга, жумладан, ядросизланган Корея яриморолида узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик учун қулай муҳит яратишга чақирамиз”, дейилади ҳужжатда. 

ASEAN Ташқи ишлар вазирлари Пхеньяннинг Индонезияда ASEAN ҳафталиги йиғилишлари ўтказилаётган кунларда ракета учиришини амалга оширгани алоҳида ташвиш уйғотаётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 12-14 июль кунлари Индонезия пойтахти Жакартада ASEAN’нинг Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги тадбирлари бўлиб ўтади. ASEAN 1967 йил августда ташкил этилган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, унинг асосий мақсади барча соҳаларда ҳамкорлик қилиш, Жануби-Шарқий Осиёда тинчликни мустаҳкамлаш ва барқарорлик яратишдир. Ташкилотга Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Филиппин, Бруней, Вьетнам, Лаос, Мьянма ва Камбоджа аъзо ҳисобланади. 2023 йилдаги вазирлар учрашувларида яқин келажакда ASEAN’нинг ўн биринчи аъзо давлати бўлишга тайёрланаётган Шарқий Тимор делегацияси ҳам қатнашмоқда. Хитой, Россия, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия минтақавий блокнинг тўлиқ мулоқот бўйича ҳамкорларидир. Бразилия, Норвегия, Покистон, Швейцария, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари эса ASEAN’нинг "тармоқли" мулоқот бўйича ҳамкорларидир.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 июль куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошчилигида қаттиқ ёқилғи двигателига эга “Хвасон-18” қитъалараро баллистик ракетаси синовдан ўтказилганди. Синовлар давомида ракета 1001 км масофани босиб ўтди ва Япония денгизига қулади. Максимал парвоз баландлиги 6648 километрни ташкил этди. Ракета ҳавода 74 дақиқа бўлди, бу КХДРда ишлаб чиқилган қитъалараро баллистик ракеталар учун энг узоқ парвоз бўйича рекорд ҳисобланади.

2017 йилдан бери Шимолий Корея 5500 км ва ундан ортиқ масофага учадиган 14 та ракетани синовдан ўтказган. Ушбу учирмаларнинг аксарияти (еттитаси) 2022 йилда амалга оширилган. Шимолий Корея жорий йилда тўртта шундай учиришни амалга оширган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея ракета Индонезия Жакарта ASEAN

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг