Асаднинг Москвадаги ҳаёти қандай ўтаётгани очиқланди
Олам
−
11 Октябрь 2025 24606 3 дақиқа
Мамлакатдан қочиб Россиядан бошпана олган, Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президенти Башар Асад оиласи билан Москва шаҳрида яшайди ва соатлаб онлайн ўйинлар ўйнайди. Бу ҳақда Германиянинг “Die Zeit” газетаси уни болалигидан таниган Асад оиласига яқин манбага таянган ҳолда хабар берди.
Манба, газетанинг аниқлик киритишича, 2011 йилда мамлакатда норозилик намойишлари бошланганидан кейин Сурияни тарк этган ва шундан бери Европада яшаб келади. Бунга аввал юқори мартабали ҳарбий лавозимни эгаллаган Асад билан келишмовчиликлар сабаб бўлган.
Нашр манбасининг айтишича, маълумот унга “ишончли манбалар” томонидан тақдим этилган. Газета, аммо бу маълумотни текширишнинг иложи йўқлигини ёзади.
Қайд этилишича, Асад “пастида савдо маркази бўлган элита кўп қаватли уйдаги учта квартирада яшайди, у ерга вақти-вақти билан ташриф буюради, қолган вақтини эса соатлаб онлайн ўйинлар ўйнаб ўтказади”.
Асад Москва вилоятидаги дала ҳовлисига ҳам тез-тез ташриф буюради. Манбага кўра, уй хусусий қўриқлаш компанияси томонидан қўриқланади. Хабарда ёзилишича, Асад оиласининг Москва шаҳрида йигирмага яқин квартираси бор.
Мақолага “Пойтахтлар шаҳри” мажмуаси акс этган фотосурат илова қилинган. Сарлавҳада “Асадлар оиласи чап минорадаги 20 га яқин хонадонга эгалик қилади” дейилади. Чап томонда 76 қаватли Москва минораси жойлашган.
2024 йилнинг декабрида қуролли мухолифат Дамашққа кириб борди, шундан сўнг Башар Асад истеъфога чиқди ва мамлакатни тарк этди. Режимнинг ағдарилишида муҳим роль ўйнаган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” раҳбари Аҳмад аш-Шара муваққат президент этиб тайинланди.
Асад ва унинг оиласига Россиядан бошпана берилди. Москва Суриянинг янги расмийлари билан дипломатик алоқаларни давом эттирди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Асад Россияда ва хавфсиз эканини тасдиқлади.
“Reuters” агентлиги Суриянинг 14 нафар расмийсига, сиёсатчига яқин манбага ва сунъий йўлдошдан олинган суратларга таянган ҳолда хабар қилишича, Асад Суриядан қочиб кетгунга қадар 500 минг доллар нақд пул, қимматбаҳо буюмлар, ҳужжатлар, ноутбуклар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган қаттиқ дискларни олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Шу мақсадда Асад маслаҳатчиси Эмбраэр самолётини ижарага олганди, ундан собиқ президентнинг қариндошлари ва бошқаларни эвакуация қилишда фойдаланилган. Асад режими қулашига 48 соат қолганда, самолёт тўрт марта парвоз қилди.
“Financial Times” 2019 йилда Асад оиласи Москва шаҳрида кўчмас мулк сотиб олгани ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг ёзишича, 2013 йилдан 2019 йилгача Асаднинг қариндошлари – амакиси Муҳаммад Махлуфнинг оила аъзолари Москвада 40 миллион долларлик кўчмас мулк сотиб олган. Газетанинг ёзишича, сотиб олинган 20 та хонадондан камида 18 таси Москва шаҳридаги “Пойтахтлар шаҳри” турар-жой мажмуасида жойлашган бўлиб, уларнинг расмий эгалари Ливан офшор компаниялари бўлган. Кейинроқ Federation Tower раҳбарияти турар-жой мажмуасидан квартира сотиб олганлар орасида Сурия фуқаролари борлигини тасдиқлади.
Кейин Кремль Сурия президентининг оиласи Москва шаҳрида ҳашаматли квартираларга эгалигидан бехабар эканини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россияда “эркин бозор” борлигини ва Кремль Асаднинг қариндошлари томонидан квартиралар сотиб олингани ҳақида билишга мажбур эмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у чет эл фуқароларининг пойтахтда кўчмас мулк сотиб олиши кенг тарқалган амалиёт эканини қўшимча қилганди.
Live
Барчаси