Асаднинг амакиваччаси осиб ўлдирилди
Олам
−
10 Декабрь
22993Сурияда собиқ президент Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилиши ва мамлакатда Асадлар сулоласига барҳам берилиши фонида Башар Асаднинг амакиваччаси Сулаймон Ҳилол Асад Латакия шаҳри майдонида қатл қилинди. Бу ҳақда “Haberler” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Асад оиласидан ҳам мамлакатдан қочиб қутула олмаганлар бор эди. Улардан бири Башар Асаднинг амакиваччаси Сулаймон Ҳилол Асад эди. У Латакияда жамоатчилик томонидан қўлга олинган. Ғазабланган оломон Ҳилол Асадни шаҳар майдонида осиб ўлдирган. Ўша лаҳзалар камерага тушиб қолган.
Шунингдек, Сурия ва Туркия оммавий ахборот воситалари Башар Асаднинг амакиваччаси Иҳоб Махлуф Дамашқни тарк этиб, Байрутга етиб боришга уринаётганда ўлими эҳтимоли ҳақида хабар берди. Иккинчи укаси Иёд Махлуф Иҳоб билан бирга бўлгани ва яралангани айтилган.
Иҳоб Махлуф Башар Асад режимига яқин йирик тадбиркорлардан бири сифатида танилган.
Маълумот учун, Иҳоб Махлуф 1973 йил 21 январда туғилган. У акаси Рами Махлуфга тегишли Суриядаги уяли алоқа компанияси – Syriatel компанияси раисининг ўринбосари эди. У 2020 йилда акаси Рами Махлуф Башар Асад ҳукуматига содиқлик ваъда қилиб, Сурия ҳукумати билан келишмовчиликка тушиб қолганида Syriatel'дан истеъфога чиққан.
Эслатиб ўтамиз, 8 декабрга ўтар кечаси қуролли мухолифат жангарилари Дамашққа кириб келиб, Асад режимини қулатган эди. Шундан сўнг, Башар Асад мамлакат пойтахтини самолётда тарк этганди. 8 декабрь куни тушдан кейин Россия ТИВ Асад “Сурия Араб Республикаси ҳудудидаги қуролли можаронинг қатор иштирокчилари” билан музокаралардан сўнг президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилганини ва мамлакатни тарк этганини тасдиқлаганди.