Асадхўжа Мўйдинхўжаев икки карра жаҳон чемпиони бўлди
Спорт
−
14 Сентябрь 2025 7538 2 дақиқа
Париж Олимпиадаси чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев икки карра жаҳон чемпионига айланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олимпия қўмитаси хабар берди.
Англиянинг Ливерпуль шаҳрида якунланаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг финалида дастлаб Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-65 кг) рингга кўтарилди.
Бразилиялик Юри Фалькао дос Рейсга қарши баҳс олиб борган Мўйдинхўжаев ғалабага эришиб, фаолиятида иккинчи бор жаҳон чемпионлигига эришди.
Маълумот учун, Асадхўжа Мўйдинхўжаев 71 кг гача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон бокс терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. У Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинларининг финал баҳсида Мексика вакили Марко Алонсо Верде Альваресга қарши рингга кўтарилганди ва уни мағлуб этиб, Париж Олимпиадасининг олтин медалига эга чиққанди.
Шунингдек, -80 кг вазн тоифасида финалга чиққан ўзбекистонлик Жавоҳир Умматалиев франциялик Йожерлен Сезарни уч раунд якунларига кўра мағлубиятга учратиб (5:0), жаҳон чемпионига айланди.
Яна бир ўзбекистонлик Тўрабек Ҳабибуллаев ҳам -90 кг вазн тоифасидаги финал жангида бразилиялик Исаиас Рибеирони очколар бўйича мағлубиятга учратди (5:0) ва Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги олтин медални тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Париж Олимпиадаси чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев Тошкент кўчалари бўйлаб Таҳоэда 110 км/соат тезликда ҳаракатланганди.
Live
Барчаси