Ароқчи “жиддий” маслаҳатлашув учун Путиннинг олдига борди

Олам

image

Кеча, 22 июнь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Россия пойтахти Москвага борди. Бу ҳақда “Tasnim” хабар берди.

Нашрга кўра, Ароқчи Россия Президенти Владимир Путин ҳамда бошқа юқори мартабали расмийлар билан Исроил ва унга қўшилган АҚШнинг Эрон ҳудудига берган зарбаларидан кейинги “минтақавий ва халқаро воқеалар” юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказади.

Ароқчи ўзининг Москвага қилинажак ташрифини жорий йилнинг 21 июнь куни NBC телеканалига берган интервьюсида эълон қилган ва бугун, 23 июнь куни Путин билан учрашишини билдирган.

Россияга ташриф буюрган Аббос Ароқчи Москвада Россия Президенти билан учрашув чоғида сўнгги воқеалардан кейин юзага келган умумий таҳдид ва чақириқларга қарши ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишини маълум қилган. Ароқчининг таъкидлашича, ҳозирда минтақада ўзига хос ҳолат ҳукм сурмоқда ва бу Эрон ҳамда Россия ўртасидаги маслаҳатлашувлар янада аниқроқ, жиддийроқ ва яқинроқ бўлишини тақозо этмоқда.

У, шунингдек, бу ташриф АҚШнинг Эрон Ислом Республикасига қилган ҳужуми ва ушбу мамлакат томонидан бошланган янги тажовуздан сўнг амалга оширилаётганини қайд этди.

“Табиийки, бу галги музокараларимиз жиддийроқ бўлади ва кенгроқ масалаларни қамраб олади”, дейди Ароқчий.

Ташқи ишлар вазири Путин билан бўладиган учрашувга тўхталган.

“Ҳар қандай ҳолатда ҳам, мен ишонаман – Путин билан бўладиган учрашувимизда муҳим ва жиддий масалаларни муҳокама қиламиз ва бу икки мамлакат манфаатларига хизмат қилади”, дея қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Путин Эрон ва Исроил ўртасидаги можародан чиқиш йўллари ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олиши кераклигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Москва Исроил ҳамда Эрон билан алоқада бўлиб турибди, воситачилик қилишни мақсад қилмаяпти, аммо можарони тартибга солиш бўйича таклифлар бермоқда.

Исроил ва Эрон июнь ўрталаридан буён ўзаро зарбалар алмашмоқда. Дастлаб Исроил “Шерлар олами” номли операцияни бошлади. У бунга сабаб сифатида Теҳрон ядро қуроли яратишда “орқага қайтмас нуқтага” яқинлашганини иддао қилган. Эроннинг ядро ва ҳарбий объектларига берилган зарбалар оқибатида бир неча юқори мартабали ҳарбий қўмондонлар ва олимлар ҳалок бўлган.

Бунга жавобан Эрон “Ҳақиқий ваъда 3” номли операцияни бошлади ва Исроил ҳудудига ракета ҳужумлари уюштирди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Исроилга қарши амалиётлар “тўлиқ йўқ қилинмагунча” давом этишини билдирган.

22 июнь тунги вақтда эса АҚШ Эроннинг ядро дастурига тегишли учта асосий объектга – Натанз, Фордо ва Исфахонга ҳужум уюштирди. Мамлакат Президенти Дональд Трамп бу зарбаларни дунёдаги “терроризмнинг бош ҳомийси” деб атаган Эрон томонидан келаётган ядро таҳдидини тўхтатиш мақсадида берилганини айтди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Эрон Владимир Путин Аббос Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг