Арманистон Путинни қамамаслик учун “форточка” қидиряпти
Олам
−
02 Ноябрь 2023
9223Арманистон Россияга Халқаро жиноий суднинг Рим статути талабларини четлаб ўтувчи давлатлараро шартнома имзолашни таклиф қилди. Бу ҳақда парламент спикери ўринбосари, Бош вазир Никол Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” партияси бошқаруви аъзоси Акоп Аршакян брифингда маълум қилди.
“Рим статутини ратификация қилишдан бир неча ой олдин биз давлатлараро ҳуқуқий муносабатларимиз халқаро тузилмалар томонидан текширилмаслиги, ратификация қилиш муносабатларимизга таъсир қилмаслиги учун Россияга икки томонлама шартнома имзолашни таклиф қилдик. Аслида, биз ҳали жавоб олмадик, лекин Рим низоми кучга киришига ҳали кўп вақт бор. Юридик жиҳатдан икки давлатга тегишли масалалар бўйича халқаро суд қарорларини қўллашни истисно қилувчи келишувга эга бўлишимиз мумкин”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойи бошида Арманистон Миллий Ассамблеяси (парламенти) Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Рим статутини ратификация қилди.
Таъкидлаш жоизки, Арманистон 1998 йилда Рим статутини имзолаган, бироқ ҳужжат Арманистон конституциясига зид деб топилгач, ратификация жараёни 2004 йилда тўхтатилган. 2022 йил охирида Арманистон ҳукумати ратификация жараёнини тиклаган.
Россия Арманистон томонидан ҳужжатнинг ратификация қилинишига фаол қаршилик кўрсатди. Ўз навбатида, Арманистон ҳукумати низомни ратификация қилиш зарурлигини асослаб берган.
Рим статути Халқаро жиноий судни ташкил этган халқаро шартномадир. У 1998 йилнинг 17 июлида Римда бўлиб ўтган дипломатик конференцияда қабул қилинган ва 2002 йил 1 июлда кучга кирган. Уни 137 давлат имзолаган ва 120 дан ортиқ давлат ратификация қилган.
Суд геноцид жинояти, инсониятга қарши жиноятлар, уруш жиноятлари ва тажовуз жиноятлари каби жиноятлар бўйича юрисдикцияга эга. Давлат Рим статутининг иштирокчисига айлангандан сўнг, у белгиланган жиноятлар бўйича суднинг юрисдикциясини қабул қилади. Бироқ, статутнинг 25-моддасига мувофиқ, Суд давлатлар устидан эмас, балки жисмоний шахслар устидан юрисдикцияга эга. Суд давлатнинг ички юрисдикциясидан устунликка эга эмас.
Жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суди Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганди. Россиянинг амалдаги Президентига қарши Россия-Украина можароси пайтида болаларни Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний депортация қилганлик учун айбловлар қўйилган. Путин билан биргаликда Президентнинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳам ҳибсга олиш учун ордер берилган.
LiveБарчаси