Арманистон энди Путинни ҳибсга олади 

Олам

image

Арманистон Миллий Ассамблеяси (парламенти) Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Рим статутини ратификация қилди. Бу ҳақда “Armenpress” хабар берди.

Қайд этилишича, ратификация муҳокамаларида фақат Бош вазир Никол Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” фракцияси иштирок этган.

Мухолифатдаги “Арманистон” ва “Менга шараф” фракциялари ушбу масалани муҳокама қилишни бойкот қилиб, овоз беришсиз мажлисни тарк этган. Парламент спикери Ален Симоняннинг маълум қилишича, ратификация учун 60 депутатнинг 20 нафари қарши овоз берган.

Таъкидлаш жоизки, Арманистон 1998 йилда Рим статутини имзолаган, бироқ ҳужжат Арманистон конституциясига зид деб топилгач, ратификация жараёни 2004 йилда тўхтатилган. 2022 йил охирида Арманистон ҳукумати ратификация жараёнини тиклаган.

Россия Арманистон томонидан ҳужжатнинг ратификация қилинишига фаол қаршилик кўрсатди. Ўз навбатида, Арманистон ҳукумати низомни ратификация қилиш зарурлигини асослаб берган. 

“Мамлакатимизга қарши ҳарбий жиноятлар содир этилган ва қилинмоқда. Бизга бу [ратификация] керак, мамлакатимизга керак”, деган парламент спикери Ален Симонян сентябрь бошида.

Рим статути Халқаро жиноий судни ташкил этган халқаро шартномадир. У 1998 йилнинг 17 июлида Римда бўлиб ўтган дипломатик конференцияда қабул қилинган ва 2002 йил 1 июлда кучга кирган. Уни 137 давлат имзолаган ва 120 дан ортиқ давлат ратификация қилган.

Суд геноцид жинояти, инсониятга қарши жиноятлар, уруш жиноятлари ва тажовуз жиноятлари каби жиноятлар бўйича юрисдикцияга эга. Давлат Рим статутининг иштирокчисига айлангандан сўнг, у белгиланган жиноятлар бўйича суднинг юрисдикциясини қабул қилади. Бироқ, статутнинг 25-моддасига мувофиқ, Суд давлатлар устидан эмас, балки жисмоний шахслар устидан юрисдикцияга эга. Суд давлатнинг ички юрисдикциясидан устунликка эга эмас.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суди Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганди. Россиянинг амалдаги Президентига қарши Россия-Украина можароси пайтида болаларни Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний депортация қилганлик учун айбловлар қўйилган. Путин билан биргаликда Президентнинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳам ҳибсга олиш учун ордер берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Арманистон Рим статути

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг