Арманистонга Россия базаси керак бўлмаса, эртагаёқ кетамиз – Путин
Олам
−
11:41 3864 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Арманистонга Гюмридаги Россия ҳарбий базаси керак бўлмаса, Москва ҳарбий объектни эртагаёқ олиб чиқиб кетишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда Путин кеча, 1 сентябрь куни Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити якунлари бўйича журналистлар саволларига жавоб бераётганда сўз очди.
“Агар Арманистонга Гюмридаги Россия базаси керак бўлмаса, биз эртагаёқ кетамиз”, деган Россия раҳбари.
Путиннинг таъкидлашича, Арманистон билан боғлиқ ҳозирги муаммолар Қорабоғ атрофидаги вазиятдан бошланган. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Ереваннинг ўзи ушбу ҳудудни Озарбайжон таркибида деб тан олган.
Россия Президенти, шунингдек, Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаши Ереваннинг Москвага нисбатан сиёсий йўналишини ўзгартираётганидан далолат беришини айтган.
“Европа Иттифоқи ва ЕОИИда бир вақтнинг ўзида бўлиш мумкин эмас. Агар сиз Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисида қонун қабул қилган бўлсангиз, демак, ниятингизни бизга билдирдингиз”, деган Путин.
Шу билан бирга, Москва Арманистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирган. Путин Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорлик масаласи ҳам Арманистон халқининг хоҳишига боғлиқ эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, Россиянинг Гюмрида жойлашган 102-ҳарбий базаси 1995 йилдан буён Арманистон ҳудудида фаолият юритади. Дастлаб томонлар база бўйича 25 йиллик келишув тузган, 2010 йилда эса унинг амал қилиш муддати 2044 йилгача узайтирилган.
Гюмридаги база Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бирлашган ҳаво мудофааси тизими билан ҳам боғлиқ.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян жорий йилнинг июнь ойида Россия ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш режаси йўқлигини айтган эди. Бироқ у сўнгги йилларда Арманистон ҳудудидаги Россия ҳарбий кучларининг мавжудлиги қисқараётганига эътибор қаратган.
Путин ва Пашинян Бишкекда ШҲТ саммити доирасида учрашиб, икки томонлама муносабатларни муҳокама қилди. Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш нияти ва бу қарорнинг Россия билан муносабатларга эҳтимолий таъсири бўлди.
Ўз навбатида, Пашинян ҳам Арманистон Россия билан муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдирган. У Ереваннинг Европа Иттифоқига қўшилишга интилиши Россия ва ЕОИИ билан мавжуд келишувларни бузмайди, деб ҳисоблашини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян энди Россияни “стратегик шерик” деб ҳисобламаслигини айтганди.
Live
Барчаси