Арманистон энди Россияни “стратегик шерик” деб ҳисобламайди – Пашинян

Олам

image

Арманистон ҳукуматнинг яқин беш йилга мўлжалланган дастурида Россия билан муносабатлар шаклини ўзгартирди. Мамлакат Бош вазири Никол Пашинян уни энди стратегик ҳамкор деб ҳисобламаслик учун асослар пайдо бўлганини айтди. Бу ҳақда Пашинян бугун, 27 август куни Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.

“Агар ҳозир “стратегик ҳамкорлик” деб ёзсак, сиз нега Россия ва КХШТ 2022 йил сентябрида хавфсизлик соҳасидаги мажбуриятларини бажармаганини сўрайсиз”, дейди Пашинян.

Ҳукумат дастурида айтилишича, Россия билан ҳамкорлик мувозанатлашган ташқи сиёсатнинг янги шароитида трансформацияланади. 

Бунгача Пашинян мамлакатлар ўртасидаги муносабатлардаги ўзгаришлар табиий жараён эканини, чунки Ереван ва Баку ўртасида аллақачон тинчлик ўрнатилганини таъкидлаган. 

“Арманистон, энг аввало, Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун расмий ариза топшириши керак. Бу ҳам кенг кўламли меҳнатни талаб қиладиган жараёндир”, дейди ҳукумат раҳбари.

Маълумот учун, 2022 йил сентябрида Озарбайжон билан уруш бошланганидан сўнг Арманистон КХШТ уставининг 4-моддасига мувофиқ ташкилотга мурожаат қилган эди. Унга кўра, бир мамлакатга қилинган тажовуз блокнинг барча аъзоларига ҳужум сифатида қаралади. Аммо КХШТ вазият ёмонлашганидан “хавотир” билдирган ва Арманистонга “ҳамдардлик” изҳор этган баёнот билангина чекланди. Арманистон 2024 йилда КХШТдаги иштирокини музлатди ва ташкилотни молиялаштиришдан бош тортди. 

Шунингдек, Арманистон 2026 йил баҳорида Россия томонидан савдо чекловлари жорий этилганидан сўнг ўз экспортини бошқа йўналишларга бура бошлади. Баҳордан бери Россия Арманистон товарлари импортини чеклади: мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, гуллар, минерал сув, спиртли ичимликлар, шунингдек, сут ва балиқ маҳсулотлари тақиқ остига тушди. Оқибатда январь–июнь ойларида Россия ва Арманистон ўртасидаги товар айланмаси 20,9 фоизга – 3,33 миллиард доллардан 2,63 миллиард долларгача тушиб кетди. Бир вақтнинг ўзида, биринчи ярим йилликда Арманистон Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортини 80 фоизга оширди – 287 миллион долларга нисбатан 516 миллион долларга етказди. Европа Иттифоқи, шунингдек, Арманистонга экспортни қайта йўналтириш учун 52 миллион евро ёрдам ажратди ва товарларнинг 80 фоиз учун божхона тўловларини бекор қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян агар КХШТ мамлакатни ўз таркибидан чиқариб юборса, бундан фақат хурсанд бўлишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг