Видео: Арманистонда мухолифатчилар Ҳукумат уйига бостириб кирди

Олам

Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг мухолифлари Ереван марказидаги Ҳукумат биносига бостириб кирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ҳукумат биносида бир нечта вазирликларнинг идоралари жойлашган. Мухолиф кучлар бинонинг пастки қаватида митинг ўтказиб, идора расмийларини Пашинян тарафдорларининг митингида қатнашмасликка чақирган. Сўнгра Пашинян истеъфосини талаб қилиб, бинони тарк этган.

“Биз ўз ҳаракатларимизни якунламоқдамиз. Мақсадимиз ҳар қандай вазирликка киришимиз мумкинлигини кўрсатиб қўйиш эди”, дейди намойиш иштирокчиларидан бири.

Арманистондаги сиёсий инқироз

Пашиняннинг рус “Искандер”лари (ракета комплекси – таҳр.) ҳақида “эҳтиётсизлик” билан айтган сўзларидан кейин Ереванда норозилик намойишлари бошланиб кетди. Пашинян етказиб берилган Россия ҳарбий ускуналари носоз эканини иддао қилган.

Шундан сўнг, Арманистон Бош штаби бошлиғининг ўринбосари Тиран Хачатрян Бош вазирнинг юқоридаги гапларини масхара қилган, бунинг учун Пашинян уни ишдан бўшатган.

Шунингдек, Пашинян Арманистон Қуролли кучлари Бош штаб раҳбари Оник Гаспарянни истеъфога чиқариш тўғрисида фармон тайёрлади, аммо мамлакат Президенти Армен Саркисян уни имзолашдан бош тортди.

Бунга жавобан Арманистон парламентидаги ҳукмрон “Менинг қадамим” фракцияси Президент Саркисянни импичмент билан қўрқитган бўлса, Арманистон Қуролли кучлари Бош вазир Пашиняннинг истеъфосини талаб қилди. Шу тариқа Арманистонда Ҳукумат, парламент, Президент, Бош вазир ва Қуролли кучлар ўртасида бўлиниш юз берди.

Воқеалар ривожининг давоми сифатида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари мамлакатдаги ҳолатни давлат тўнтаришига уриниш, деб баҳолади ва ўз тарафдорларини кўчага чиқишга чақирди.

Мухолифат ҳам қараб турмади ва Пашинянга жавобан баррикадалар ўрнатиб, парламент яқинида қароргоҳ қурди. Улар Ҳукумат билан музокара олиб борадиган кайфиятда эмас ва Бош вазирнинг истеъфосини талаб қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Арманистон Пашинян

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг