Арманистон ва Озарбайжон тинчлик шартномаси бўйича келишиб олди
Олам
−
18 Ноябрь 2023
5047Арманистон ва Озарбайжон тинчлик шартномасининг асосий тамойиллари бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Ереванда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент ассамблеяси кузги сессиясининг очилиш маросимида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян маълум қилди.
"Бизда Арманистон-Озарбайжон тинчлик жараёни ҳақида яхши ва ёмон хабарлар бор. Тинчликнинг асосий тамойиллари Озарбайжон билан келишиб олингани яхши. Бу Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель воситачилигида Брюсселда Озарбайжон Президенти [Илҳом Алиев] билан учрашувларим натижасида содир бўлди. Энг муҳим ёмон хабар шундаки, биз ҳали ҳам турли дипломатик тилларда гаплашамиз ва кўпинча бир-биримизни тушунмаймиз. Бунинг объектив сабаблари бор: узоқ муддатли можаро, минглаб қурбонлар, ўнлаб маҳбуслар, ўнлаб йиллар давомида ҳукмронлик қилган нафрат муҳити ва бу конструктив баёнотлар ёмон ниятларни яширади деган шубҳалар. Менинг айтганларим озми-кўпми Арманистонга ҳам, Озарбайжонга ҳам тегишли”, деган Пашинян.
Шунингдек, Бош вазир Ереван Бакуга маҳбуслар масаласини ҳал этиш ва уларни “ҳамма учун ҳамма” тамойили асосида алмашишни таклиф қилганини айтган.
“Биз Озарбайжоннинг ўнлаб маҳбусларни ушлаб туриш борасидаги изчил ёндашувини тушунмаяпмиз, гарчи биз бу муаммони тинчлик кун тартибига мос келадиган формула – “ҳаммаси учун ҳамма” бўйича ҳал қилишни узоқ вақтдан бери таклиф қилган бўлсак-да,” дейди у.
Ўз навбатида, Озарбайжон томони ҳам тинчлик шартномасини тузиш орқали Арманистон билан муносабатларни яхшилаш имкониятига ишонмоқда.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Ҳикмет Ҳожиевнинг айтишича, Бакунинг Қорабоғдаги амалиёти бу йўлдаги асосий тўсиқни олиб ташлаган.
“Биз бу икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик ва адоватга чек қўйиш ва Озарбайжон Арманистонга тақдим этган 5 тамойилга асосланган барқарор тинчлик ўрнатиш учун тарихий имконият, деб ҳисоблаймиз”, дея тушунтирди Ҳожиев.
Унинг қўшимча қилишича, Қорабоғ масаласи ЕХҲТнинг Минск гуруҳи томонидан ёпилиши керак эди, бироқ у муваффақиятга эриша олмади. Ҳожиевнинг таъкидлашича, Баку ўз ҳудудидаги вазиятни ўзи ҳал қилган.
“Ҳозир Озарбайжон Арманистон билан тинчлик ва нормаллаштиришни устувор вазифа сифатида танламоқда. Лекин ҳар қандай тинчлик жараёни икки томоннинг иштирокини талаб қилади. Арманистон ижобий ва яхши ниятларини намойиш қилиши керак. Биз Арманистонга янгиланган бешинчи тинчлик битимини тақдим этдик, бироқ улар икки ойдан бери жавоб беришмаяпти”, дея хулоса қилади Алиевнинг маслаҳатчиси.