Арманистон талаби билан Москвада озарбайжонлик спортчи ҳибсга олинди (видео)
Спорт
−
21 Февраль
8188Россияда озарбайжонлик фитнес мураббийи Комил Зейналли қўлга олинди. Бу ҳақда унинг адвокати Алиакбар Қораев Озарбайжон давлат ахборот агентлигига маълум қилди.
Қораевга кўра, унинг мижози 2020 йил 29 сентябрда Арманистон томонидан қайси жиноят экани айтилмаган тўртта модда бўйича қидирувга берилган. Ҳозирда иш прокуратура томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, спортчи бугун эрталаб Бакуга қайтмоқчи бўлганида Домодедово аэропортидаги полиция бўлимига олиб кетилган. Уни Арманистон халқаро қидирувга бергани учун ҳибсга олингани иддао қилинмоқда. Бу сўров МДҲга аъзо давлатлар ўртасида имзоланган давлатлараро шартнома доирасида амалга оширилган.
Унга инсониятга қарши жиноятлар, 137- (ҳомийлик қилган шахсга қарши ҳарбий жиноятлар), 140- (уруш олиб боришнинг тақиқланган усулларидан фойдаланган ҳолда ҳарбий жиноятлар), 147- (ёлланма аскарларни ёллаш) ва 149-моддалари (зўрлаш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қораев Зейналли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Озарбайжоннинг Россия Федерациясидаги дипломатик ваколатхонаси ва шахсан элчи Полад Булбулўғли назорати остида амалга оширилаётганини билдирган.
“Озарбайжон фуқароси қўлга олингани ҳақидаги хабар келиб тушиши билан консул ва вице-консул аэропортга жўнатилган. Элчи Полад Булбулўғли кўрсатмаси билан вазиятга жойида ойдинлик киритилди. Айни дамда дипломатик миссия ходимлари у сақланаётган тергов изоляторида”, дейилади элчихона муносабатида.
Арманистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Нарек Саркисян эса Москвада ҳибсга олинган озарбайжонлик спортчи Арманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қотилликда айбланаётганини айтган.
Ҳозирда Зейналлининг озодликка чиқарилгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Пашинян халқаро ҳамжамиятни нотўғри йўлга бошлаётгани ҳақида маълум қилган эди.
LiveБарчаси