Пашинян халқаро ҳамжамиятни нотўғри йўлга бошламоқда – Озарбайжон ТИВ
Олам
−
19 Февраль
3536Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхан Ҳожизода Мюнхендаги арман жамияти билан учрашувда Арманистон Бош вазири томонидан билдирилган фикрларни изоҳлар экан, Пашинян халқаро ҳамжамиятни нотўғри йўлга етаклаётганини билдирди.
Унинг айтишича, Германия канцлери ташаббуси билан Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг учрашуви конструктив ва фойдали муҳитда ўтганига, Озарбайжон-Арманистон муносабатларини нормаллаштириш, чегараларни делимитация қилиш ва тинчлик шартномасини тузиш чақириқларига қарамай, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян халқаро ҳамжамиятга нотўғри чақириқ билан чиқиши расмий Бакуда ачиниш ҳиссини туғдирмоқда.
Ҳожизода Арманистон Бош вазирининг Қорабоғнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмаётгани ҳақидаги фикрини Озарбайжон ҳудудларига қарши асоссиз даъво деб атаган ва бу учун можароларни давом эттириш аҳмоқлик эканини билдирган.
“Бу билвосита арман томонининг даъвоси ҳали ҳам давом этаётганини исботлайди. Шу муносабат билан Арманистон Конституцияси ва қонун ҳужжатларида ҳудудий яхлитлигимиз ва суверенитетимизга қарши муносабатларни бартараф этиш зарур. Арманистон Бош вазирининг фикрлари ҳам Арманистоннинг халқаро ҳуқуққа зид позицияни эгаллашига йўл қўймаслик учун халқаро ҳамжамият босими муҳимлигини кўрсатади”, деган ТИВ матбуот котиби.
Қўшимча равишда, Ҳожизода Арманистон ўз мажбуриятларига зид равишда Озарбайжон ҳудудидан ўз Қуролли кучларини олиб чиқмагани, алоқа линияларини очиш мажбуриятини бажармаганини билдирган.
“Арманистон томони тушуниши керакки, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўли қўшни давлатлар билан ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни тасдиқлаш ва ҳурмат қилиш асосида муносабатларни ўрнатиш ҳамда Озарбайжон билан тинчлик ўрнатиш бўйича бевосита конструктив музокаралар олиб боришдан иборатдир”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16-18 февраль кунлари бўлиб ўтган Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида Никол Пашинян, Олаф Шольц ва Илҳом Алиев ўртасида уч томонлама учрашув бўлиб ўтган ва ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирларига тез орада яна учрашиб, тинчлик шартномаси бўйича музокараларни давом эттириш топширилган. Шу билан бирга, чегараларни делимитация қилиш бўйича комиссиялар музокараларини давом эттириш бўйича топшириқ берилган эди.
LiveБарчаси