Арманистон Қорабоғдаги урушда неча киши ўлганини маълум қилди

Олам

image

Тоғли Қорабоғда деярли 1,5 ой давом этган қуролли тўқнашувларда Арманистон томонидан 3 330 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Арманистон Соғлиқни сақлаш вазири Алина Никогосян маълум қилди.

1 январь маълумотларига кўра, можаро вақтида вафот этган 3330 кишининг жасади суд-тиббий экспертизадан ўтказилган. Уруш бошланганидан бери вафот этганларнинг шахсини аниқлаш учун 1441 та намуна олинган. Уларнинг 871 таси ҳали тадқиқ қилиняпти.

Ҳозиргача 436 нафар одамнинг шахси аниқланган. Вазир вафот этганларнинг шахсини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза давом этаётганини маълум қилди.

Ноябрда Арманистон томони урушда 2 317 нафар ҳарбийси қурбон бўлганини маълум қилганди. Кейинчалик Россия президенти Владимир Путин Қорабоғдаги урушлар вақтида Озарбойжон ва Арманистон томонидан умумий 4 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ҳақида гапирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.

9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Шунга қарамай, Арманистон ва Озарбайжон ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. 11 декабрь куни Арманистон ва Озарбайжон кучлари бир-бирига қарата ўт очди. Оқибатда бир неча киши ҳалок бўлди, камида ўнта арман аскари асирга олинди. Кейинчалик тўқнашув рус тинчликпарвар кучларининг ҳаракатлари билан тўхтатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Тоғли Қорабоғ

Баҳолаганлар

213

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг