Арман махсус хизматларига шпионлик қилганлар давлатга хиёнатда айбланиб, ҳибсга олинди
Олам
−
17 Май 2023
6080Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Арманистон махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган икки фуқаронинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
“Кўрилган чоралар натижасида давлатга хиёнат қилишда ва Озарбайжонга қарши террористик қўпорувчилик ҳаракатларини режалаштирганликда гумон қилинган Рашад Аҳмадов қўлга олинди ва жиноий жавобгарликка тортилди”, дейилади Давлат хавфсизлик хизмати хабарида.
ДХХ маълумотларига кўра, Аҳмадов учинчи давлатда яшаган ва Арманистон махсус хизматлари топшириқларини бажарган.
Арманистон махсус хизматлари топшириқларини бажариш учун Аҳмадов Озарбайжон ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилувчи видеоматериаллар тайёрлаган Равшан Амиров ва бошқа бир қатор шахсларни жалб қилган ва уларни YouTube видеохостинги ва ижтимоий тармоқларига жойлаган.
Тергов тадбирлари давомида Аҳмадов Арманистон махсус хизматлари кўрсатмаси билан Озарбайжонга қарши бошқа қўпорувчилик фаолиятини ҳам амалга оширганлиги аниқланган.
Давлат хавфсизлик хизмати Аҳмадов ва Амировга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганини маълум қилди.
Аҳмадов давлатга хиёнат қилиш, террорчилик актини тайёрлаш, чет эл тузилмалари кўрсатмаси бўйича давлат ҳокимиятига қарши жиноят, Амиров эса давлатга хиёнат ва хорижий тузилмалар кўрсатмаси билан давлат ҳокимиятига қарши жиноят содир этишда айбланмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати хорижий махсус хизматларнинг разведка ва қўпорувчилик фаолиятининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тўхтамаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 май куни Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси Эрон махсус хизматлари томонидан ёлланган ва мамлакатда диний давлат яратишни режалаштирган бир гуруҳ республика фуқаролари фош этилгани ҳақида хабар берган эди.
LiveБарчаси