Арқадағ ўзига данғиллама қабр қаздиряпти
Олам
−
07 Январь
39059Туркманистоннинг Арқадағ шаҳрида мамлакатдаги энг улкан масжид қурилиши жадал давом этмоқда, унинг ёнида эса Гурбангули Бердимуҳамедов мақбараси қурилади. Бу ҳақда “Turkmen.news” хабар қилди.
Давлат қурилиш қўмитасига яқин манбанинг маълум қилишича, ҳар иккала иншоотни қуриш бўйича шартнома собиқ президентнинг азалий дўсти Какажан Ташлиевга тегишли ширкатга берилган.
Унга кўра, масжиднинг ўзига давлат бюджетидан 400 миллион доллардан ортиқ сумма ажратилади. Мақбаранинг нархи ҳозирча маълум эмас. Билдирилишича, иккала бино ҳам “данғиллама” қилиб қурилади, қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлади.
Маълумот учун, Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов номи билан аталувчи Туркманистондаги энг катта масжид "Сапармурод Туркманбоши" учун бундан тўрт баробар кам маблағ, 100 миллион доллар сарфланган. У 2004 йилда очилган, икки йилдан сўнг Туркманбоши вафот этган.
Мақбара ва масжид қурилиши режалаштирилаётган Арқадағ шаҳри Аҳал вилоятида 2022-2023 йилларда Гурбангули Бердимуҳамедов президентлик ҳокимиятини ўғли Сердарга ўтказганидан сўнг нолдан қурилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь фуқароси Александр Лукашенко ҳатто дафн маросимига кетадиган харажатларни ҳам давлат зиммасига юкловчи қонунни қабул қилган эди.
LiveБарчаси
04 Ноябрь