Арқадағ исириқни коронавирусдан ҳимояланиш учун тавсия қилди
Олам
−
14 Март 2020
19711Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукумат йиғилишида фуқароларга коронавирусдан халқ воситалари – исириқ тутуни билан ҳимояланишни тавсия қилди.
Бердимуҳамедов минг йиллар давомида туркманларнинг аждодлари турли касаллик ва инфекцияларга қаршилик кўрсатишнинг миллий услубларини ўйлаб топганини айтиб ўтган.
“Бизнинг доно аждодларимиз анъаналарга қаттиқ амал қилган: муҳим воқеаларда, янги уйга кўчганда, тўйларда исириқни тутатишган, шунингдек, йилнинг маълум вақтларида ҳам”, деган Арқадағ.
Давлат раҳбари бугунги кунда ҳам исириқ тутатилиши давом этаётганини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ўсимлик тутуни организмга турли вируслар киришига тўсқинлик қилади.
Маълумот учун, Туркманистонда ҳозирча коронавирус билан боғлиқ ҳолат аниқланмади.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли уни эпидемия эмас, пандемия деб эълон қилди. Бу вирус бир эмас, бир нечта давлатларни тўлақонли қамраб олганда эълон қилинадиган ҳолат ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди. Вирус бугунгача 145 давлатга кириб борди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
Айни вақтга қадар коронавирус билан хасталанганлар дунё миқёсида 145 810 кишини ташкил этмоқда 5 436 киши вирусдан вафот этди. Шунингдек, 72 531 киши ушбу хасталикдан фориғ бўлди.