Ариповга 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилди
Жамият
−
18 Январь
10861Бош вазир Абдулла Ариповга Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича йиғилишда маълум қилинди.
Президент ушбу йиғилишда экспорт соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, комплекс раҳбарияти ва ҳокимларнинг 2024 йил учун экспорт режаси етарли эмаслиги қайд этган.
“Иқтисодиётимизни янги босқичга олиб чиқиш учун экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб боришимиз зарур”, дейди Президент.
Лекин, ўтган йили 2 та драйвер тармоқ ва 4 та ҳудудда 2022 йилга нисбатан экспорт ҳажмлари камайган. Шунингдек, 10 та туман ва шаҳарда экспорт олдинги йил кўрсаткичини ярмига ҳам етмаган.
Шу муносабат билан Бош вазирга Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилди.
Мева-сабзавот экспорти учун хорижий давлатларнинг фитосанитар рухсатлари олинганига қарамасдан, улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Масалан, Японияга 58 турдаги мева-сабзавотга фитосанитар рухсат олингани билан, 52 тури бўйича, Ҳиндистонга 38 тадан 32 таси, Покистонга 22 тадан 18 таси, АҚШга 15 тадан 11 таси бўйича экспорт бўлмаган.
Йиғилишда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ўртасида маҳсулотлар экспортини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик йўқлиги танқид қилинган. Эндиликда агентлик нафақат фитосанитар рухсат олиш, балки қишлоқ хўжалиги экспортини ташкиллаштириш учун ҳам масъул бўлади. Бунинг учун карантин тизими, иш услуби ва ёндашувлари тўлиқ ўзгаради.