Арипов ва “Толибон” вакиллари Термиз халқаро савдо марказини очиб берди
Жамият
−
29 Август
8586Бугун, 29 август куни Термиз шаҳрида “Термиз халқаро савдо маркази”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистондаги "Толибон" муваққат ҳукуматида бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев, Қирғиз Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Қайрат Торебаев ва бошқалар иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати порталида хабар берилди.
"Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан минтақадаги барча давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Қайд этилганидек, қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратиш мақсадида “Термиз халқаро савдо маркази” барпо этилди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур Марказ минтақада савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айланишига ишонч билдирилди. Шунингдек, Марказда Афғонистон фуқароларига савдо-сотиқ қилишлари, таълим, тиббиёт ҳамда бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.
Рамзий тасма кесилиб, Марказ расман очилганидан сўнг, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон Қирғизистон ва бошқа мамлакат дипломатик корпус вакиллари “Термиз халқаро савдо маркази” фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Бош вазири Термиз шаҳрида "Толибон" бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар ҳамда Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, 17 август куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистонга борганди. Абдулла Арипов ҳамда “Толибон” муваққат ҳукумати раҳбарияти ўртасида 5 та шартнома имзоланди. Икки давлат орасида ўзаро савдо айланмасини 2024 йилда 1 миллиард долларга, яқин йилларда эса 3 миллиард долларга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун ишга солинмаган ресурсларни ўзаро манфаатли асосда амалиётга изчил татбиқ этиш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Билдирилишича, жорий йилнинг 1 октябридан Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида Имтиёзли савдо келишуви ишга тушади.
LiveБарчаси