“Арчакўча”даги пичоқбозлик сабаби маълум қилинди
Жамият
−
08 Июнь 2020
20729Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги Кичик ҳалқа автомобиль йўлида бир гуруҳ йигитлар пичоқбозлик уюштираётгани тасвирланган видео тарқалган эди. Кейинчалик, ушбу жанжалда қатнашган йигитларнинг бири шифохонада вафот этгани хабар қилинди. Маълум қилинишича, ушбу пичоқбозликка шерикчиликда юритилган бизнесдан келган даромад устидаги келишмовчилик сабаб бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот котиби QALAMPIR.UZ нашрига хабар қилди.
Қайд этилишича, 2020 йил 05 июнь куни соат 18:55ларда Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган шаҳар тез-тиббий ёрдам клиник шифохонасига 1997 йилда туғилган фуқаро Э. М. йўловчи автомашинасида ўнг кўкрак қафасида тешиб кирувчи санчилган-кесилган жароҳат билан олиб келинган.
Аниқланишича, 1993 йилда туғилган М. Д. бизнес ҳамкори 1988 йилда туғилган Р. Б. билан Учтепа тумани, Лутфий кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган дорихонадан тушадиган даромад юзасидан келиб чиққан келишмовчилик оқибатида ўзаро жанжаллашган. 2020 йил 5 июнь куни соат 18:30ларда Д.М. ўзига рақобатчи ҳисоблаган Б.Р.дан қутилиш мақсадида пичоқ билан қуролланиб, тамагирлик ниятида, 3 нафар таниши билан тил бириктириб, белгиланган кўришув асосида Шайхонтоҳур тумани, Қизилғунча кўчаси, 2-уй қаршисида Б.Р. ва у билан бирга келган 4 нафар йигит билан учрашган.
Жамоат жойида юзага келган тўқнашув давомида Д.М. ўзи билан олиб келган пичоқ билан М.Э.нинг кўкрак соҳасига бир маротаба уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган. Натижада, М.Э.га кўрсатилган тез-тиббий ёрдамга қарамасдан, олган ўнг кўкрак қафасидаги тешиб кирувчи санчилган-кесилган жароҳати туфайли шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 5 июнда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "л" банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.
LiveБарчаси