Араб-ислом лидерларининг Қатардаги йиғини илк бирлашув учқуни бўлди

Таҳлил

Қатар барча мусулмон мамлакатларни бир жойга тўплади. Исроилга қарши бўлган кучли давлатлар лидерлари ҳам шу ерда эди. Қатар Амири яҳудий давлатига нисбатан кескин сўзларни келтирган бўлса, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ислом ҳамжамиятида Исроил режаларини йўққа чиқарадиган куч борлигини баралла айтди. Покистон Тель-Авивга қарши бирлашишни очиқчасига таклиф қилди. Бир сўз билан айтганда, Доҳада АҚШ-Исроил тандемига қарши илк бирлашув учқунлари кўзга ташланди. Аммо бу бирлик ҳозирча фақат сўзда эканини унутмаслик лозим. 

Шундай бўлишига қарамай, нафақат ислом оламида, балки дунё миқёсида ҳам Нетаньяху режимига қарши кайфият аланга олган. Ғарбнинг аксар давлатларида ҳукумат даражасида бўлмаса ҳам аҳоли ўртасида Ғазодаги геноцидни тўхтатиш учун ҳаракатлар кучайган. Бу ишлар ҳозирча намойишлар кўринишида амалга оширилмоқда. БМТда ҳам ҳолат шундай. Ташкилот комиссияси Исроилнинг сектордаги қинғирликларини геноцид деб малакалади. Бундан ташқари, Бош ассамблеяда кўпчиликнинг овози билан Фаластин давлатини барпо қилиш маъқулланди. Исроилнинг ҳамкорлари ундан бирин-кетин юз ўгирмоқда. Биринчилардан бўлиб Испания бир неча юз миллион долларлик қурол борасидаги битимни бекор қилди. 

Бироқ Исроил ва АҚШ бу тенденциянинг бирортасига ҳам пинагини бузгани йўқ. Ғазода кўрсатилаётган агрессия ўзининг янги босқичига кўтарилди. Эндиликда ҳаракатлар геноцид уюштириш билан бирга секторни тўлиқ оккупация қилиш йўлидан кетмоқда. Ғазо шаҳрининг атрофи аллақачон эгаллангани айтилмоқда. Ҳудуддан юз минглаб одамлар чиқиб кетган. Вазият жуда жиддий. 

Доҳада Исроил зарбасидан сўнг мусулмон дунёсининг кўплаб лидерлари жам бўлган бир пайтда АҚШ бутун ислом оламига сигнал бериб, Тель-Авивга Давлат котиби Марко Рубиони юборди. Ҳа, ҳозирча вазият шундай тус олган. Бугун шулар ҳақида батафсил сўз юритамиз. 

Ниҳоят араблар ғазаблана бошлади

Исроил Қатарда ҲАМАС еткачиларига зарба бериб, у учун ҳеч қандай чегара қолмаганини кўрсатганидан сўнг, араб давлатлари ва унга яқин бошқа мамлакатлар анча ҳушёр торган бўлса ажаб эмас. Шу боис, Доҳа чақириғига биноан 15 сентябрь куни араб ва ислом давлатлари раҳбарларининг фавқулодда саммити бўлиб ўтди. Иштирокчилар таркиби анча қудратли. Эрон ва Туркия Президентлари, Покистон Бош вазири, Қатар Амири, БААнинг Наҳаёнлари, Саудларнинг “қора шағзода”си ва бошқа Кўрфаз давлатларининг расмийлари Доҳада Исроилга қарши бир жойда жам бўлди. Аммо кутилганидек, улар энг узоғи билан Исроилнинг Қатар пойтахтида ҲАМАС раҳбарларига қаратилган ҳужумини қоралади, бир икки оғиз кескин баёнотлар беришди ва бир-бирлари билан баъзи масалаларда суҳбатлашди, холос. Аниқ чоралар тўғрисида ҳеч қандай қадам ташланмади. Фақат биргина Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашининг “қўшма мудофаа механизмини ишга тушириш” ваъдаси саммитдаги ягона амалий натижа бўлди. Аммо бу ҳақда бироз кейинроқ тўхталамиз. Ҳозир эса эътборингизни Исроилнинг Доҳага қилган ҳужуми ва Ғазода қилаётган қирғинлари ниҳоят арабларни яна ғазаблантира бошлаганига тўхталсак. 

Тўғри, Исроил ташкил топгандан буён шу кунгача Яқин Шарқ минтақаси аҳолиси урушлар ичидан чиқмади. Кўрфаз ва бошқа араб давлатлари яҳудий давлатининг Фаластинда қарор топишига ва у ерда апартеид зулмини ўтказишига қарши бир неча бор уруш олиб борди. Аммо тарихдан маълумки, улар бу урушнинг ҳеч бирини юта олмади. Шундан сўнг, ҳамма ўз йўлида кетди. Кўрфаз араб мамлакатлари ортида энг қудратли давлат турган Исроилни енгиб бўлмаслигини тушунди ва фақат иқтисодий ривожланиш ҳамда ўз аҳолисининг фаровонлигини таъминлашни танлади. Кўп эҳтимол, улар шу орқали бугунги даражасига етиб келди. Масалан, гап исботи ўлароқ, 1994 йилги Дубайни ёки бошқа араб мамлакатларининг марказий шаҳарларини эслаш кифоя.  Бу пайтда эса дунёда икки қутблилик тугаб, АҚШ якка гегемонга айланди ва мазкур ўзгариш унинг Яқин Шарқдаги "жазмани" – Исроилга қўл келди. 

Фаластин ерларини янада кўпроқ оккупация қилиш, бу ердаги арабларга қарши зулм янада кучайиб, то бугунгача давом эттирилди. Унга қардош араб мамлакатлари эса бу воқеаларни кузатишда ва ўз йўлида ривожланишда давом этди. Чунки улар бунгача йиллар давомида Исроилга қарши курашганди, бироқ бундан наф бўлмади. 

Аммо бугунга келиб, Исроил учун чегара қолмади ва бу ўз ўрнида араб давлатлари учун ҳам энди хавотирли тус олди. Ғазода геноцид 2 йилдан буён давом этмоқда. Лекин шу давр ичида араб давлатлари Доҳага ҳужум қилинганидан кейин фавқулодда саммитга йиғилганларидек, ҳаракат қилишмади. Нетаньяху режими минтақадаги исталган давлатга зарба бера олишини сўнгги 3 ой ичида исботлагач, ниҳоят Кўрфаз давлатлари ва бошқалар хушёр тортди. 15 сентябрда Доҳада болиб ўтган араб-ислом саммитининг фавқуллодда йиғилишини очиб берган мезбон – Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ўз нутқида минтақадаги барча давлатларнинг Исроилга қарши шаклланган ғазаб ва нафратини акс эттирди. Қатар Амири ўз мамлакати хиёнаткорона ҳужумга учраганини айтди. Бу билан у қайси давлат унга хиёнат қилганини очиқламади. Балки Исроилнинг тинчликка бўлган хиёнатини айтгандир, ёки АҚШнинг тўғридан тўғри хиёнатини назарда тутган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Америка нашрлари Трампнинг бу ҳужум ҳақида олдиндан хабардор бўлгани ва унга розилик бергани ҳақидаги хабарни берди. Шунингдек, оддий ҳолатда АҚШнинг Доҳадаги операция маркази билан алоқада бўлиши керак бўлган айрим расмийлар 9 сентябрдаги ҳужум вақтида “алоқа йўқолганини” айтди. Бу эса операцияни амалга ошириш учун махсус равишда алоқалар узилганини англатади. 

Энг қизиғи, агар бу даъволар ҳақиқатга яқин бўлса, Қатар ва араб дунёси ростманасига шармандали хиёнатга учраган бўлади. Негаки, Кўрфазнинг бой араб монархиялари узоқ йиллардан буён хавфсизлик масаласида АҚШга таянади. Қатарда АҚШнинг минтақадаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган. Исроил бомбардимон қилган бино эса Доҳадаги АҚШ элчисининг қароргоҳидан узоқ эмас. Ал Удейд ҳарбий базасидан эса бор йўғи 40 км масофада жойлашган. Бу чинакам хиёнат. Бундан бошқа ҳеч нарса эмас, очиғи. Айнан шу боис, Қатар ғазаб отига минган. Аммо Доҳадагилар ҳозирча бу ғазабини АҚШга эмас, Исроилга қаратмоқда. Яқин Шарқдаги манбалар Қатар ҳатто БААдан яқин ҳамкори сифатида ўз ҳудудидаги Исроил элчихонасини ёпишни сўрагани ҳақида ёзмоқда. Аммо АҚШга триллионлаб доллар инвестиция киритган Наҳаёнлар бундай ишни қилишга жазм этиши амримаҳол. Боз устига, Абу-Даби Иброҳим келишувлари доирасида кўрфаз давлатлари ичида биринчилардан бўлиб Исроилни тан олганди ва унинг Фаластинни бу тарзда сотиши жуда арзонга, аниқроғи бир нечта F-35 самолётларига тушганди.

Хуллас, "Тана бошқа дард билмас" нақли амалда қолавериши мумкин. Лекин Қатар Амири Исроилнинг ҳаракатлари фақатгина Фаластин ёки Қатарга эмас, балки бутун араб дунёсига қарши амалга оширилаётганини таъкидлаб, барчани бундан огоҳлантирди. У саммитда Исроилнинг минтақавий экспанцияси жумладан, Ливан, Сурия ва Ямандаги қайта-қайта бомбардимонлари, Сурия ерларини эгаллаб олиши ва Жанубий Ливандан чиқишдан бош тортиши ҳақида ҳам гапирди. Амирнинг сўзларига кўра, Биньямин Нетаньяху “араб минтақасини Исроил таъсир доирасига айлантиришни орзу қилмоқда, аммо бу – “хатарли иллюзия”. 

Саммитда Исроилга қарши аниқ сиёсий ёки иқтисодий чоралар эълон қилинмади. Қатар эса олдинроқ ҳеч бўлмаганда Таль-Авивга санкциялар жорий қилиши мумкинлигига ишора қилганди. Ачинарли томони шундаки, араб монархиялари қоронғуликка тош отишда давом этяпти. Улар ҳамкорларидан Исроилга қарши босимни кучайтириш кераклигини сўради. Аммо қайси ҳамкоридан? АҚШданми? Қатарни бир пулга сотган Трамп маъмуриятиданми? Барчаси беҳуда. Устига-устак, ушбу фавқулодда саммитнинг якуний ҳужжати, асосан, қораловлар ва Қатарга ҳамдардлик ифода этиш билан чекланди. Аммо кичик бўлсада, бошланғич натижа ҳам йўқ эмас. Бу мудофаа соҳасида кейинги бирлашувдир. 

Араблар Исроилга қарши бирлашишни бошладими?

1981 йилда Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик ташкилотига асос солинади. Унда бугунгача 6 та аъзо давлат мавжуд бўлиб, булар Саудия Арабистони, БАА, Қувайт, Қатар, Уммон ва Баҳрайн каби мамлакатлардир. Ташкилотнинг асосий мақсадлари аъзолар ўртасида сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, хавфсизлик ва маданий соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш, ягона бозор ва божларсиз савдо ҳудудини шакллантириш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш ва ягона валютани жорий этиш каби устувор масалалардир. Аммо “араблар ҳеч қачон келишмасликка келишиб олишган”, деганларидек, юқоридаги кўплаб мақсадлар ҳали-ҳануз тўлиқ бажарилмай қолиб кетган. Масалан, ҳарбий ҳамкорлик, ташқи таҳдидларга қарши биргаликда курашиш ва ягона валюта шулар жумласидандир. 

Биз эътибор қаратмоқчи бўлган масала эса бу ҳарбий иттифоқ кўриношидаги бирлашувдир. Чунки бу ташкилот ўзининг ҳарбий иттифоқига эга бўлиб, у “Жазира қалқони кучлари” деб номланади. Бу кучлар аъзолар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тузилган. Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларини ўз ичига олган Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши аъзоларининг хавфсизликни таъминлаш учун мудофаа пакти мавжуд. Исроилнинг Доҳага қилган ҳужумидан сўнг, яқин кунларда Доҳада ягона қўмондонлик саммити чақирилади. Қизиғи, бу ташкилотда ҳозиргача ягона қўмонлик тизими жорий этилмаган. Исроил ўз чегараларини унутиши фонида бу тузилма тез орада тузилиб қолиши мумкин. Қатар ТИВ вакили Муҳаммад Ал-Ансорий ҳам шунга ишора қилиб, бирлашган қўмондонлик йиғилиши Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши давлатларининг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланиши ва бугун бу ҳамкорлик кенгаши аъзолари бир сафда турганини айтди. 

Маълумот ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши аъзолари 2000 йилда қўшма мудофаа шартномасига имзо чеккан эди. Унга кўра, бир давлатга ҳужум – ҳудди НАТОдаги каби – бутун аъзоларга қилинган ҳужум ҳисобланади. Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши “Қатарнинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва суверенитетини ҳар қандай таҳдидларга қарши ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни сафарбар қилишга тайёр”лигини билдирди. Бироқ бу борада етарлича шубҳалар бор. Негаки, Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашининг умумий ҳимоя мажбурияти НАТОдагидек қатъий эмас. Чунки юқорида таъкидланганидек, бу ерда ягона ҳарбий қўмондонлик тизими йўқ. Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида ташкилот аъзоларга нисбатан қилинган ҳужумлар, масалан, Яман ҳусийлари томонидан Саудия ва БААга берилган зарбалар вақтида Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши ўз пактига мувофиқ қўшма мудофаа чораларини кўрмаган. Шунга қарамай, Кўрфаз раҳбарлари аллақачон Исроилнинг Ливан, Сурия ва Эрондаги тажовузкорона ҳаракатларидан ташвишга тушган эди. АҚШнинг Исроил ҳужумларига бепарволиги ҳам Кўрфазни хавотирга солмоқда. 

АҚШ Исроил “ортидан тозалашда” давом этмоқда

Доҳада саммит кетаётган пайтда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроилда йиғи тоғини ўпаётган эди. У Нетаньяху билан учрашиш орқали ислом олами Қатар атрофида бирлашаётган бўлса, АҚШ Исроил ортида туришда давом этишига ишора қилди. Рубио билан қўшма матбуот анжуманида Нетаньяху ўз таҳдидларини давом эттирди ва бу сафар ушбу рўйхатни янада кенгайтирди. Исроил Бош вазири ҲАМАС аъзолари сақланаётган давлатларга яна зарба бериш эҳтимолини истисно этмади. Ҳаракат еткачилари эса Туркия, Миср ва Қатарда турли вақтларда ўз фаолиятини амалга ошириб келган. Нетаньяху эса бу гапи билан Анқарага тўғридан тўғри таҳдид қилгани кўриниб турибди. Бу ҳам етмаганидек, у Қатарга зарба бериб бўлди, баъзи хабарларга кўра эса,  Мисрда ҳам ҲАМАС амалдорларини ўлдиришга уринган бўлиши мумкин. Ўз-ўзидан навбат Туркияга келгани кўриниб турибди.

Рубио эса Исроилнинг Қатарга ҳужумига қаршилик билдирмади. Бу орада, Трамп чалкаш баёнот берди ва у АҚШнинг ҳужумдаги иштирокига ишора қилгандек бўлди ҳамда кейинги Исроил зарбаларини истисно этмади. АҚШ Давлат котиби эса Қатарнинг воситачилик рўлини сариқ чақага ҳам илмади ва шунчаки ҲАМАСни “террористик гуруҳ, унинг мақсади – яҳудий давлатини йўқ қилиш” деб атади. У Қатар бир неча йилдан буён ҳаракат қилиб келаётган оташкесимдан наф чиқмаслигини айтиш орқали Доҳа "юзига оёқ қўйди". Шунингдек, Рубио Нетаньяхуга Вашингтон Исроилнинг Ғазодаги ҳужумини қўллаб-қувватлаши, бироқ уни тез ва қисқа муддатда якунлаш кераклигини билдирган. Қайд этилишича, сўнгги ҳафталарда Исроил армияси Ғазога ҳужумларни кучайтириб, шаҳарда яшовчи фаластинликларни жанубга кўчишга даъват этмоқда.

Маълумотларга кўра, Ғазони 300 мингга яқин аҳоли тарк этиб бўлган. Фаластинлик расмийлар “Al Jazeera” нашрига Ғазога қилинган ҳаво ҳужумлари ҳақида хабар берган. Нашрнинг ёзишича, шаҳарга танклар киритилган. Маълумотга кўра, зарбалар шу даражада дахшатли тус олганидан унинг овози нафақат Ғазода, балки Исроилнинг марказида ҳам эшитилган. ОАВнинг ёзишича, Исроил армияси 20 дақиқа ичида 37 марта зарба берган, улардан айримлари жанговар вертолётлардан амалга оширилган. 

Эсингизда бўлса, Ғазони босиб олиш қарори август ойи бошида қабул қилинган эди. Бироқ айрим юқори лавозимли исроиллик ҳарбийлар, жумладан, Бош штаб бошлиғи Эяль Замир бунга қарши чиққан, кейинчалик эса режа амалга оширилишини маъқуллаган. Армия маълумотига кўра, Исроил қўшинлари шаҳар чеккаларини аллақачон назоратга олган. АҚШ эса бу вахший босқиннинг асосий қўлловчиси бўлиб қолмоқда.

Исроилга қарши бирлашув учқунлари

Доҳадаги саммитнинг қўшма баёноти аниқ чораларни ўз ичига олмаган бўлса-да, бир нечта давлат раҳбарлари қатъийроқ таклифлар билан чиқди. Кутилганидек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған катта феноменга айланди. У дунё давлатларини Исроилга қарши иқтисодий босим ўтказишга чақирди ва бунинг ўтмишда самара берганини таъкидлади. Шунингдек, Эрдўган Исроил расмийларини халқаро ҳуқуқий механизмлар орқали суд қилишни таклиф қилди. У ислом олами Исроилнинг босқинчилик орзусини барбод қила оладиган салоҳиятга эга экани такидлади. Эрдўған кеча Исроилни қўллаган давлатлар ҳам бугунга келиб унинг ҳаракатларини ортиқ ёқламаётганини ҳам қўшимча қилди. 

Шу куни Қатар Амири ва Туркия еткачиси Исроилга қарши турган энг катта шахслар сифатида намоён бўлди. Саммитдаги энг кўзга кўринган ҳолат ҳам айнан улар ўртасида содир бўлди. Эрдўған Ол Сонийга “зафар Аллоҳдандир” деб ёзилган катта санъат асарини совға қилди. Қатар Амири эса Туркия Президентига унинг энг яхши дўсти эканини билдирди.

Доҳадаги саммитда бошқалар ҳам жим турмади. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф энг кескин чоралар ҳақида сўз очди. У ҳатто БМТда Исроил аъзолигини тўхтатиш ва араб-исломий қўшма гуруҳ тузишни таклиф қилди. Покистон Бош вазири Шахбоз Шариф Тель-Авивнинг экспансионист ҳаракатларига қарши курашиш учун араб-ислом оператив гуруҳи тузиш заруратга айланганини қайд этиб, барчани бунга жиддий эътибор беришга чақирди. 

Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим эса “қораловлар ракеталарни тўхтатмаслигини, баёнотлар Фаластинни озод қилмаслигини” айтиб, Исроилга нисбатан қаттиқ санкциялар ҳамда у билан дипломатик-иқтисодий алоқаларни узишни таклиф қилди. Албатта, унинг бу таклифи элдан бурун Исроил билан дипломатик алоқаларни ўрнатиб олган БАА, Баҳрайн, Миср ва бошқаларга таъсир қилганми ёки йўқ, буниси номаълум. Лекин Наҳаёнлар оиласи ва шундай ишни қилган бошқа лидерлар шу ерда эди. 

Ўз ўрнида, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ҳам мусулмон давлатларини Исроил билан алоқаларни узишга чақирди. 

Саммитда Ўзбекистон номидан қатнашган Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Президент Шавкат Мирзиёевнинг фавқулодда араб-ислом саммити иштирокчиларига йўллаган мурожаатини етказди. Шавкат Мирзиёев баёнотида биродар Қатар халқи ва барча мусулмон мамлакатлари билан мустаҳкам бирдамлигини қайд этиб, Яқин Шарқда тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган сўнгги ҳарбий тажовузни кескин қоралаган.

Исроил учун муаммолар занжири авж олди

Дунё Исроилдан жирканмоқда. Нетаньяху режими учун муаммолар занжири бошланди. Халқаро ташкилотлардан тортиб-якка тартибдаги чораларга қадар Тель-Авив борган сари ўз ҳамкорлари ва яқин иттифоқчиларини йўқотмоқда. Масалан, 12 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин–Исроил можаросини ҳал қилишда “икки халқ учун икки давлат” тамойилига қайтишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Овоз беришда 142 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлаган. Қарши чиққанлар сони ўн нафар бўлиб, улар орасида доимгидек АҚШ ва Исроилнинг ўзи бор эди. Қолган 12 мамлакат эса овоз беришда бетараф қолган. Резолюция муаллифи эса Франция ва Саудия Арабистонидир. 22 сентябрь куни эса БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Франция Президенти Эммануэль Макрон Фаластин давлатини тан олиши кутилмоқда. Унга эргашувчи яна бир нечта давлатлар ҳам бор. Уларнинг аксари Европа ва Исроилга ҳамкор бўлган бошқа Ғарб давлатларидир. 

Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин ҳудуди бўйича мустақил халқаро тергов комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб тан олди. Ҳисоботда айтилишича, Исроил ҳукумати Ғазо секторидаги фаластинликларнинг репродуктив қобилиятини гуруҳ сифатида қисман йўқ қилган, шу жумладан, туғилишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаган ва фаластинликларни атайлаб жисмонан йўқ қилишга интилган. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса БМТ ҳисоботини рад этиб, у “ҲАМАС ёлғонлари”га асосланганини таъкидлади. Шунингдек, Тель-Авив БМТнинг мазкур халқаро комиссиясини тарқатиб юборишга чақирди. 

Аммо бу Исроил учун сўнгги муаммо эмас. У ҳамкорларидан ва олдинги шартномаларидан ҳам айрилмоқда. Жумладан, Испания Мудофаа вазирлиги Исроилнинг Elbit Systems компанияси билан PULS артиллерия тизимини етказиб беришга оид 700 миллион евролик шартномани бекор қилди. Қайд этилишича, ушбу қарор Ғазодаги уруш фонида Мадрид ва Тель-Авив ўртасидаги муносабатларнинг узилишини янада кучайтирган ҳамда Исроилнинг Rafael Advanced Defense Systems компаниясидан 285 миллион евролик Spike LR 2 танкка қарши ракета шартномасининг тўхтатилишидан кейин қабул қилинган. Келишувни бекор қилиш қарори Испаниянинг Исроилдан технологик қарамликни “нолга тушириш” истагини билдиради. Ҳозир Испания Raytheon ва  Lockheed Martin каби Америка компанияларнинг муқобил вариантларини, жумладан, Javelin ракета мажмуасини кўриб чиқмоқда. 

Маълумот учун, Испания Бош вазири Педро Санчес Европада Исроилни энг кескин танқид қилувчилардан бири ҳисобланади. У бунгача Ғазодаги “ваҳшийликлар ва геноцид”ни қоралаб, Исроилни халқаро спорт мусобақаларидан четлатишга чақирган. Бундан ташқари, у “геноцидга ҳамкорлик” қилишни тугатиш учун ҳам тўққизта чорани эълон қилган. Уларнинг орасида қурол етказиб беришга тўлиқ эмбарго, ҳарбий жиноятларга алоқадор исроиллик амалдорларга мамлакатга киришни тақиқлаш, ҳарбий ҳамкорликни тўхтатиш ва фаластинликларга гуманитар ёрдамни кенгайтириш каби қатъий чоралар бор.

Исроилнинг Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса Қатар ва Хитой Исроилни изоляция қилишга уриняпти, дея нолимоқда. Унинг сўзларига кўра, Қатар ва Хитой “сунъий интеллектга улкан маблағ тикмоқда”, шу орқали улар “анъанавий ОАВдан ҳам кучлироқ қудратга” эга бўляпти. Нетаньяхунинг айтишича, изоляция бошқа соҳаларга ҳам кенгайиши мумкин. Масалан, анъанавий ОАВ ҳам бунга қўшилганмиш. У, шунингдек, Исроил мудофаа саноати блокадага учраши мумкин бўлган вазиятга дуч келиши хавфини қайд этган. Масалан, Испания бунинг яққол мисоли. 

Ҳа, Исроил тез фурсатларда ёлғиз қолиши эҳтимоли юқорилаб бормоқда. Ҳатто бугуннинг ўзида унинг АҚШдан ўзга иттифоқчиси ва Ғазодаги геноцидини қўлловчи давлат қолмади. Бироқ бу ҳам узоққа чўзилмаслиги кутилмоқда. Қонхўр жаллод Нетаньяху ўзи билан АҚШнинг етакчи давлат мақомини ҳам тугатиб бораётгани рост. Чунки бугун АҚШнинг Ғазо бўйича позицияси унга эргашадиган давлатларнинг ҳафсаласини пир қилмоқда. Энди ростдан ҳам Исроил Ғазога ва ўзига қўшни бўлган мамлакатларга эмас, айнан АҚШга зарба беряпти, деб бемалол айтиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Доҳа Қатар Исроил Биньямин Нетаньяху араб-ислом саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг