Араб давлатлари Трампнинг фаластинликларни кўчириш таклифини рад этди (видео)
Олам
−
01 Февраль
5697Араб мамлакатлари фаластинликларни ўз ерларидан кўчиришни ҳар қандай ҳолатда рад этади. Бу ҳақда бугун, 1 февраь куни Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлари учрашуви якуни бўйича эълон қилинган баёнотда сўз боради.
Ушбу баёнот АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Миср ва Иордания Ғазо сектори аҳолисини қабул қилиши кераклиги ҳақидаги чақириқларига жавоб сифатида берилди. Қўшма баёнотда Миср, Иордания, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Фаластин маъмурияти ва Араб давлатлари лигаси вакиллари бундай ҳаракатлар минтақадаги барқарорликка таҳдид солиши, низоларни кучайтириши ва тинчлик имкониятларини заифлаштиришини таъкидлаган.
“Биз фаластинликларнинг узвий ҳуқуқлари бузилишини, уларни ўз ерларидан ҳайдаш, уй-жойларини тортиб олиш, аннексия қилиш ёки бошқа шаклда мажбурий кўчиришни ҳар қандай ҳолатда ва ҳар қандай асос билан рад этамиз”, дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, вазирлар Трамп маъмурияти билан Яқин Шарқда адолатли ва мукаммал тинчликни таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирган.
Учрашув Трампнинг ўтган ҳафтадаги баёнотидан кейин бўлиб ўтди. Унда АҚШ Президенти Ғазо сектори аҳолиси Миср ва Иорданияга кўчирилиши кераклигини айтиб, Ғазони “вайрон бўлган ҳудуд” деб атаган эди. Бундай таклиф танқидчилар томонидан этник тозалашга тенг ҳаракат сифатида баҳоланган.
Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси 29 январь куни Миср фаластинликларни кўчиришда иштирок этмаслигини ва мамлакат аҳолиси бунга қарши норозилик намойишларига чиқишини таъкидлаганди.
Шунга қарамай, Трамп 30 январь куни ушбу ғояни яна бир бор такрорлаб, “биз улар учун кўп иш қилдик, энди улар бунга рози бўлиши керак”, деб баёнот берди. Бу унинг АҚШнинг Миср ва Иорданияга кўрсатаётган ҳарбий ва молиявий ёрдамини назарда тутиши сифатида баҳоланди.
Фаластинликларни Ғазо секторидан кўчириш ғояси фаластинликлар раҳбарияти томонидан авлодлар давомида қоралаб келинган ва 2023 йил октябрь ойида Ғазо уруши бошланганидан бери қўшни араб давлатлари томонидан бир неча бор рад этилган.
Иорданияда аллақачон миллионлаб фаластинликлар истиқомат қилади, шунингдек, ўн минглаб фаластинликлар Мисрда яшайди. Кейинги кунларда Миср ва Иордания Ташқи ишлар вазирликлари ҳам Трампнинг таклифини кескин рад этди.
Шунингдек, араб давлатлари ТИВ раҳбарлари БМТ билан ҳамкорликда Ғазони тиклашга бағишланган халқаро конференция ўтказиш режасини қўллаб-қувватлашганини маълум қилди. Конференция санаси ҳали эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо аҳолисини Иордания ёки Мисрга кўчириш ҳақидаги таклифига жавобан исроилликларни Гренландияга жўнатишни таклиф қилганди.
LiveБарчаси