АПЛда 20 тур кескин курашларга бой бўлди

Спорт

image

Кеча, 4 декабрь куни Англия Премьер-лигасининг 20-тури доирасида бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Тур доирасида мусобақа пешқадами “Арсенал” сафарда “Борнмут” устидан қийин ғалабани қўлга киритди. “Манчестер Сити” эса ўз майдонида “Челси”га қарши баҳсда ғалабага эриша олмади. Шунингдек, “Ливерпуль” ва “Манчестер Юнайтед” ҳам ўз учрашувларини дуранг натижа билан якунлади. 

“Ноттингем Форест” 1:3 “Астон Вилла”

Кетма-кет ғалабалар қайд этиб келаётган Унаи Эмери шогирдлари учрашув давомида ташаббусни тўлиқ қўлга олди. Олли Уоткинснинг голи ва Жон Макгинннинг дубли эвазига меҳмонлар ишончли ҳисобдаги ғалабага эришди.

“Брайтон” 2:0 “Бёрнли”

“Брайтон” ўз майдонида тўп назоратида устунлик қилиб, баҳсни тўлиқ ўз фойдасига ўтказди. “Бёрнли” эса ҳужумдаги имкониятларидан фойдалана олмади.

“Вулверхэмптон” 3:0 “Вест Ҳэм”

Турнир жадвали қуйи поғоналарида жойлашган жамоалар ўртасидаги учрашувда мезбонлар йирик ҳисобда зафар қучди. Ушбу ғалаба “Вулверхэмптон” учун мавсумдаги иккинчи ютуқ бўлди.

“Борнмут” 2:3 “Арсенал”

Кескин ва драматик кечган баҳсда “Арсенал” сафарда муҳим уч очкони қўлга киритди. Габриэлнинг голи ва Деклан Райснинг дубли лондонликларга ғалабани тақдим этди.

“Лидс Юнайтед” 1:1 “Манчестер Юнайтед”

Принципиал курашларга бой дербида томонлар дуранг натижага рози бўлди. Учрашувдаги голларга Ааронсон ва Матэус Кунья муаллифлик қилди.

“Брентфорд” 4:2 “Эвертон”

Голларга бой кечган баҳсда “Брентфорд” ҳужумкор ўйини эвазига ғалабани қўлга киритди. Бу натижа жамоага турнир жадвалида кучли бешликка яқинлашиш имконини берди.

“Ньюкасл Юнайтед” 2:0 “Кристал Пэлас”

“Ньюкасл” интизомли ўйин ва тезкор қарши ҳужумлар орқали ўз майдонида муҳим ғалабага эришди. Мезбонлар сафида Бруно Гимараэш ва Малик Тиав гол муаллифларига айланди.

“Сандерленд” 1:1 “Тоттенхэм”

Учрашувда “Тоттенхэм” кўпроқ голга яқин имкониятлар яратди. 30-дақиқада Бен Дэвис ҳисобни очган бўлса, 80-дақиқада Брайан Броббейнинг голи баҳс тақдири дуранг билан якунланишига олиб келди. 

“Ливерпуль” 2:2 “Фулхэм”

Юқори суръатда кечган баҳсда ҳар икки жамоа ғалабага яқин бўлди. Қўшимча дақиқаларда Гакпонинг голига ортидан кўп ўтмай Харрисон Рид жавоб қайтариб, томонларга бир очкодан насиб этди.

“Манчестер Сити” 1:1 “Челси”

Турнинг марказий учрашувида “Манчестер Сити” ўз майдонида мураббийсиз қолган “Челси”ни қабул қилди. Баҳс давомида устунлик қилган мезбонлар ўйиннинг сўнгги дақиқаларида гол ўтказиб юбориб, ғалабани қўлдан чиқарди. 51-дақиқада Абдуқодир Ҳусанов захирадан майдонга тушиб, учрашув охирига қадар ҳаракат қилди.

Маълумот учун, айни пайтда турнир жадвалида Лондоннинг “Арсенал” жамоаси 48 очко билан пешқадамлик қилмоқда. “Манчестер Cитй” 42 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринни эгаллаб турган бўлса, “Астон Вилла” ҳам 42 очко билан учинчи поғонадан жой олган. Англия Премьер-лигасида навбатдаги тур учрашувлари жорий йилнинг 7 январь санасидан бошланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Премьер-лига “Манчестер Сити” “Арсенал” Абдуқодир Ҳусанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг