АОКА ОАВ ходими калтаклангани бўйича ИИВ, МГ ва БПга сўров юборди
Жамият
−
13 Июнь 2022
8020Ўзбекистон Республика Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жорий йилнинг 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги “Пахтакор” стадионида футбол бўйича U-23 Осиё кубоги чорак финали доирасида Ўзбекистон – Ироқ ўйинини ёритишга борган “Sevimli” телеканали мухбири ва тасвирчисига Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан куч ишлатилгани, камераси тортиб олингани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан АОКА ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси ҳамда Миллий гвардиясига сўров юборган.
Агентлик айни пайтда давом этаётган хизмат текшируви натижаларини синчковлик билан кузатиб боради. Ишонамизки, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия амалдаги қонунчилик нормаларини четлаб ўтган ходимларининг хатти-ҳаракатларига муносиб баҳо беради ҳамда тегишли чора кўради. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси эса ушбу масалани ўз назоратига олишини сўраб қоламиз”, дейилади муносабатда.
Агентлик ОАВ вакиллари фаолиятига тўсқинлик қилиш, ноқонуний йўллар билан дахл қилиш, шахсини обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай уринишларни кескин қоралаган.
Шунингдек, агентликнинг эслатишича, мамлакат қонунчилигида журналистлар ҳуқуқлари, ахборот олиш эркинлигига оид масалалар қатор нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасига кўра, давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим, 14-моддада эса журналистнинг ушбу қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Бундан ташқари, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
“ОАВ вакилларининг касбий фаолияти давомида тазйиқ кўрсатиш, тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатига зид бўлиб, Агентлик, ўз навбатида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради”, дея якунланган АОКА муносабати.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 июнь куни “Севимли” телеканали “Замон” дастури тасвирчиси Т.Иброҳимов журналист билан Ўзбекистон-Ироқ ўйинини ёритиш учун “Пахтакор” стадионига борганида дўппосланган. Унга шифохонада жағ-тиш синиши ташхиси қўйилган. Журналист ва тасвирчининг ўзи дўппослаганлар Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари эканини айтмоқда. ИИВ эса оператор одамлар ўртасидаги жанжалда калтак еганини маълум қилди, бироқ айнан ким урганига аниқлик киритмади. Шу билан бирга вазирлик безорилик содир этган фуқароларни аниқлаш ишларини бошлаган.