Анжелина Жоли қимматбаҳо Ferrari’сини сотувга қўяди (фото)
Технология
−
09 Октябрь
13030Америкалик актриса Анжелина Жоли ўзининг 1958 йилда ишлаб чиқарилган Ferrari 250 GT машинасини ноябрь ойида кимошди савдосига қўяди. Бу ҳақда “Christie's” аукцион уйи хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур автомобиль Ferrari компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 353 та нусхадан ўн биринчи рақамли машинадир. Автомобиль 3 литрли Colombo V12 двигателига эга ва беш босқичли механик узатма қутиси билан жиҳозланган. Машинанинг ташқи кўриниши қора рангда ишланган, ички қисми эса ёрқин қизил чарм мато билан қопланган. Унинг одометрига кўра, Ferrari атиги 10 минг километр йўл босиб ўтган.
250 GT русумли суперкар биринчи марта 1958 йилда Париж автосалонида намойиш этилган. У Borrani брендидан оригинал ғилдираклари ва алюминий барабан тормозлари билан жиҳозланган.
Christie’s вакили автомобилда ўзининг асл двигатели ўрнатилганини тасдиқлади, лекин катта эҳтимол билан машина 1978 йилда кўк ва оқ рангга бўялган, ички қисми қорадан қизил рангга алмаштирилган. Кимошди савдолари уйи актрисанинг машинага қанча вақтдан бери эгалик қилгани ёки ундан умуман фойдалангани ҳақида маълумот беришдан бош тортган.
Шунингдек, Жоли нима учун машинани сотаётгани ҳам номаълум. Юлдуз бу Ferrari’ни ҳайдаган ҳолда деярли суратга тушмаган. Тахминларга кўра, актриса шунчаки кераксиз нарсалардан халос бўлмоқда.
Одатда, бундай ноёб машиналар тахминан 0,5 миллион долларга сотилади. Christie’s аукционлар уйи эса машинани 660 000 дан 880 000 долларгача баҳоламоқда.