Импорт маҳсулотларга акциз солиғини белгиловчи Кенгаш “тилга кириб”, бензин масаласига изоҳ берди
Жамият
−
29 Май 2020
8501Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга ошириш юзасидан билдирилган таклиф муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Ушбу масала юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз муносабатини билдириб, акциз солиғини ошириш мақсадга мувофиқ эмаслигини билдирганди. Қўмита маҳсулот импортига акциз солиғини белгилаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгаши томонидан кўриб чиқилишини ва шунга кўра, ўз позициясини ҳимоя қилишини маълум қилганди.
Мазкур масала юзасидан Тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгаши ўз муносабатини билдирди. Унда Интернет ресурсларида нефть маҳсулотларига акциз солиғини солиш билан боғлиқ чоп этилган мақолалар кўриб чиқилгани айтилган.
“Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва аниқ фактлар билан исботланмаган бу каби мақолалар ва шарҳларнинг эълон қилиниши вазирлик ва идоралар томонидан халқаро мажбуриятларни бажаришга қаратилган ишларнинг моҳиятини бузиб талқин этади.
Авваламбор, МДҲ доирасида тузилган эркин савдо зонаси тўғрисидаги кўп томонлама Битимига (Битим) қўшилишда Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган мажбуриятларни қайд этиш лозим.
Битимни унинг томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш тўғрисидаги Баёнига мувофиқ, 2020 йилнинг 31 декабрида Ўзбекистон томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар ва импорт қилинган товарларга акциз солиғи ставкаларини унификация қилиш учун қабул қилинган ўтиш даври тугайди, яъни белгиланган муддатгача мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган товарларга ўрнатилган акциз солиғи ставкалари умумий махражга келтирилиши керак.
Акциз солиғининг товарлар бўйича унификациясини таъминлаш ЖСТ ва ЕОИИ каби халқаро ҳамда минтақавий ташкилотларнинг ҳужжатлари ва амалиётларида ҳам назарда тутилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда импорт қилинганда 52 та товар позициясига, маҳаллий ишлаб чиқаришда эса - 15 та позицияга акциз солиғи солинмоқда, хусусан:
42 та товар позициялари бўйича фақат импорт қилишда акциз солиғи солинади;
10 та товар позициялари бўйича импорт қилиш ва мамлакатимизда ишлаб чиқариш (шу жумладан, нефть маҳсулотлари) ҳолатларида бир хил қийматга эга бўлмаган акциз солиғи ставкалари ўрнатилган;
5 та товар позициялари бўйича фақат мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарларга акциз солиғи солинади.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 12 май куни Ивестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгашининг навбатдаги мажлисида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари эътиборига республика томонидан акциз солиғини солишни унификация қилиш ва тегишли чора-тадбирлар тайёрлаш бўйича ўз зиммасига олинган мажбуриятларни бажариш зарурлиги тўғрисида маълумот ҳавола этилди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг фақат нефть маҳсулотлари импортига акциз солиғини 20 фоизга ошириш бўйича таклифи тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгашининг Котибиятига тақдим этилмаган.
Бундан ташқари, ставканинг таклиф этилаётган ўзгариши халқаро мажбуриятлар ва амалиётга мос келмаслиги сабабли кўриб чиқилиши ва қўлланилиши мумкин эмас.
Шу билан бирга, товарларни ишлаб чиқариш ва импорт қилишда бир хил солиқ ставкалари қўлланилса, ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган акцизли маҳсулотларга нисбатан тенг ва адолатли ёндашув таъминланади, бу эса рақобат учун тенг шароитларни яратади”, дейилади Кенгаш хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рақобатни ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказиб, монопол корхоналар замонга мослаша олмаётганини танқид қилди. Хусусан, Президент шундай деди:
“Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз. Агар раҳбарлар шунга муносиб бўлса, ишлайди, бўлмаса – кетади”.
Йиғилишда рақобатни ривожлантириш учун мутлақо янги тизим ишлаб чиқиш кераклиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, монопол ташклиотларга берилган имтиёзларни ҳам бекор қилиш масаласи кўриб чиқилиши таъкидланди.