Антикоррупция Назарбоевлар оиласининг офшорларини текшириши мумкин, лекин...
Олам
−
18 Февраль 2022
8096Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев оиласининг офшордаги ҳисобларини фақат қонуний асослар мавжуд бўлганда текширишга ҳақли. Бу ҳақда агентлик директори Марат Аҳмаджонов парламент Мажлисининг ялпи йиғилишида маълум қилди.
У Мажлисда ноқонуний олиб қўйилган маблағларни қайтариш йўллари ҳақида гапирди. Йиғилганлардан бири Аҳмаджоновга Назарбоевлар оиласининг чет элга пул маблағларини ноқонуний олиб чиқиб кетгани ҳақидаги хабарлар текшириладими ёки йўқми, деган саволни берди.
“Бу шахсларга нисбатан агар объектив маълумотлар бўлса, текширилади”, дея жавоб берди у.
Марат Аҳмаджонов Қозоғистондан маблағларнинг ноқонуний олиб қўйилгани ҳақидаги маълумот айбланувчиларнинг исм-шарифларидан қатъи назар, тегишли органлар томонидан текширилишини ҳам қўшимча қилди.
Шунингдек, агентлик директори Қозоғистондан маблағлар олиб чиқилаётгани ҳақидаги хабарларни текшириш ваколати бошқа агентликда эканини айтди.
“Собиқ Президент Назарбоевнинг оиласи томонидан пул олиб чиқиб кетилишига келсак, бундай текширувда Молиявий мониторинг агентлиги иштирок этиши керак. Чунки маблағлар ҳаракатини назорат қилиш уларнинг бевосита масъулиятидир”, дейди Марат Аҳмаджонов.
Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг 20 мартида президентликдан кетган, бироқ кейин Хавфсизлик кенгаши раиси, иқтидордаги “Нур Отан” партияси етакчиси ва Қозоғистон халқи ассамблеяси раҳбари лавозимларини сақлаб қолган эди. 2021 йилнинг апрелида Назарбоев Халқ Ассамблеяси раиси лавозимини тарк этиш ва бу ваколатларни республиканинг амалдаги раҳбарига ўтказиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди.
Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси ваколатларини жорий йилнинг 5 январь куни, мамлакатдаги оммавий тартибсизликлар даврида Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди. “Нур Отан” партияси 28 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари қурултойида собиқ Президент томонидан номзоди таклиф этилган Тўқаевни раис этиб сайлади.
18 январь куни Назарбоев тартибсизликлар бошланганидан бери илк бор Қозоғистон халқига мурожаат қилиб, Тўқаев Қозоғистонда тўлиқ ҳокимиятга эга эканлигини, ўзи эса нафақадалигини айтди. Шу билан бирга, у "элитадаги можаро ёки қарама-қаршилик" ҳақидаги миш-мишларни рад этди.
LiveБарчаси