Англияда эркак поезд йўловчиларига пичоқ билан ҳужум қилди
Олам
−
03 Ноябрь 2025 2011 1 дақиқа
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни кечқурун Англияда Лондонга кетаётган поездда номаълум шахс йўловчиларга пичоқ билан ҳужум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълумотларга кўра, воқеа Донкастердан Лондонга кетаётган поездда содир бўлган. Аввалига поезд йўлакларида “югур, югур, ҳаммани пичоқлаб кетаётган йигит бор” деган қичқириқлар эшитилган ва буни одамлар Хэллоуин байрамидан кейинги ҳазил деб ўйлаган. Кейинроқ ўриндиқлардан бирининг қон бўлганини кўрган одамлар вагонлардан қочишни бошлаган.
Вагонлардаги қичқириқлар сабабли поезд Кембрижширдаги бекатга режадан ташқари тўхтаган. Қуролланган полиция ходимлари поезддаги икки эркакни ҳужумга алоқадорликда гумон қилиб ҳибсга олган. Бироқ гумонланувчилардан бири келиб чиқиши африкалик 32 ёшли Британия фуқароси терговда қолган, иккинчи гумонланувчи қўйиб юборилган.
“Ҳужум оқибатида жами 11 йўловчи тан жароҳати олган. Улардан беш нафари шифохонадан даволаниб чиққан, бироқ йўловчилардан бирининг аҳволи оғирлигича қолмоқда”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Ҳуқуқ-тартибот идораси расмийларидан бири содир бўлган воқеа ёки ҳужумчининг мотивлари ҳақида ҳар қандай назарияни илгари суришга ҳали эрта эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри аэропортида эркак пичоқ билан аэропорт ходимини гаровга олган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси