Англия ва Уэльсда жазирама сабаб 2700 дан ортиқ одам вафот этди
Олам
−
13 июл 1093 2 дақиқа
Англия ва Уэльсда жорий ёзда кузатилаётган иссиқ тўлқинлари 2700 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Тадқиқотларга кўра, жазирама даврида қайд этилган ўлим ҳолатларининг катта қисми юқори ҳарорат билан боғлиқ бўлган. Иқлим ўзгариши сабаб ҳарорат одатдагидан 3-4 даража юқорилагани ушбу ўлимларнинг 40 фоиздан ортиғига таъсир қилган.
“Иссиқ тўлқинлар экстремал об-ҳавонинг энг хавфли тури ҳисобланади. Инсон фаолияти сабаб юзага келаётган иқлим ўзгариши туфайли биз дуч келаётган бундай кескин иссиқлик инсон саломатлиги учун ниҳоятда хавфлидир”, дейди Лондон Империал коллежи экстремал об-ҳаво ва иқлим ўзгариши бўйича тадқиқотчиси Клер Барнс.
Буюк Британияда май ойида ҳаво ҳарорати рекорд даражага кўтарилиб, Лондон яқинидаги Кю боғларида 35,1 даража қайд этилган. Тадқиқотчилар бу даврдаги ноодатий иссиқлик тахминан 550 кишининг ҳаётига зомин бўлганини ҳисоблаган.
Июнь ойида эса Шарқий Англияда ҳарорат 37 даражадан ошиб, яна қарийб 2 200 та ўлим ҳолати билан боғланган.
Мутахассислар иссиқлик тўлқинлари инсон саломатлиги учун энг хавфли экстремал об-ҳаво ҳодисаларидан бири эканини таъкидламоқда. Уларнинг қайд этишича, илгари кам учраган бундай жазирама ҳодисалари иқлим ўзгариши сабаб тобора тез-тез кузатилмоқда.
“Жуда иссиқ кунлар, юқори намлик ва кечаси ҳам ҳароратнинг пасаймаслиги биргаликда иссиқ тўлқинларининг таъсирини кучайтиради. Бу нафақат инсон саломатлигига, балки инфратузилма, транспорт ва қишлоқ хўжалигига ҳам зарар етказади. Илгари камдан-кам учраган бундай экстремал иссиқлик ҳодисалари ҳозир тез-тез такрорланмоқда”, дейди Буюк Британия Метеорология идорасининг иқлим ҳодисаларини баҳолаш бўйича менежери Марк Маккарти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европанинг ғарбий қисмини жорий йил июнь ойининг охирида қамраб олган рекорд даражадаги жазирама оқибатида 10 мингдан ортиқ одам вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси