Андижондаги шармандаликлар давом этади: депутатни мажлисга мажбуран олиб келиш учун ИИБ ходимлари жўнатилди

Жамият

image

Бугун, 14 февраль куни Андижон вилояти Андижон тумани ҳокимлиги мансабдорларидан бири ИИБ ходимларини туман Кенгаши депутати Сардор Қосимовни аппарат йиғилишига келмагани учун унинг ота-онаси яшаётган уйга уни мажбурий келтириш учун юборди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик паталаси депутати Расул Кушербоев маълум қилган.

Қайд этилишича, Сардор Қосимовнинг уйига ички ишлар ходимларининг бориши ортидан депутатнинг онасининг кутилмаганда қон босими кўтарилиб кетган. Депутат ИИБ ходимлари қонунга зид бўлса ҳам буйруқни бажаришини танқид қилган.

“Ички ишлар ходимлари ҳам қонунга қарамай, югуриб кетаверган. Эссиз ИИБ учун ажратилаётган ресурслар. 

Депутатнинг онасини кутилмаган ҳолдан қон босими кўтарилиб кетган. Чунки одатда жиноятда гумонланаётган ёки айбланаётганлар шундай келтирилади”, деб ёзади Кушербоев. 

Унинг таъкидлашича, аппарат йиғилиши Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан ўтказилиб, вилоят ҳокими негадир депутатларни йўқлаб қолган ва келмаган депутатлар қидирилган.

“Ижро ҳокимияти аппарати мажлисида депутатларнинг мажбурий иштирок этиши ҳеч қаерда кўрсатилмаган.

Демак, Кенгашларга қонунларни тан олмайдиган феодал ҳокимлар бош бўлишда давом этаркан, бунақа шармандаликлар кўп давом этади ва бизга кучли фуқаролик жамиятини қуриш орзу бўлиб қолаверади”, дейди депутат.

Ҳеч кимга сир эмаски, Андижонда қонун бузилиш ҳолати биринчи маротаба бўлаётгани йўқ. Бунгача, вилоятнинг кўплаб мактабларида ўқитувчилар ярим кечасигача қолиб, турли хил тадбирларда қатнашиши талаб қилинаётгани маълум бўлган. Бундан ташқари, Асака туманида шахсан вилоят ҳокимининг топшириғи билан 10 га яқин кўп йиллик дарахт кесиб ташлангани айтилганди. Шундай қонунга зид ҳолатларнинг энг сўнггиси, энг шов-шувлиси Марҳамат туманида содир бўлди. 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўрашга мажбурланди.

Бундай шармандаликлар Андижон вилояти учун одатий ҳолга айланиб қолаётгандай ва умуман тугамайдиганга ўхшайди. Қонуний чора кўришдан эса дарак йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

847

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг