Андижондаги божхона постида ходим аёлнинг юкларини тепиб ташлади
Жамият
−
29 Январь
13365Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида жойлашган “Дўстлик” божхона постида божхона ходими чегарани кесиб ўтаётган аёлга жуда қўпол муносабатда бўлгани ва унинг сумкаларини тепиб ташлагани акс этган видео тарқалди. Унда ходим қуюшқондан чиқиб, йўловчи аёлга бақираётгани бошқалар эса ҳолатни томоша қилаётганини кўриш мумкин.
Андижон вилояти божхона бошқармаси эса 2024 йил 27 январь куни бунга ўз муносабатини билдирди. Бошқармага кўра, мазкур видеомурожаат тегишли тартибда ўрганилганда, ушбу ҳолат 2023 йилнинг 25 октябрь куни бўлганлиги аниқланган.
"Ҳозирда ходимнинг хатти-ҳаракатига нисбатан хизмат текширув тайёрланиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади", дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 28 ноябрида Қонунчилик палатаси депутатлари йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш мақсадида Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаганди. Ҳужжат билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фаолиятига оид фото ва видеоларини "обрўсизлантириш мақсадида" интернетда эълон қилганлик учун жарима ва 15 суткагача қамоқ жазосини жорий этиш таклиф қилинган. Ҳозирда бу ҳужжат Сенат томонидан ўрганиб чиқилмоқда.