Андижонда ўқув маркази раҳбари 5 йилга қамалди
Жамият
−
28 Март 2023
18030Андижонда АҚШга ўқишга юборишни ваъда қилиб, икки нафар ўқувчини 100 миллион сўмга чув туширган тил ўргатиш маркази раҳбари қамалди. Бу ҳақда Олий Суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон вилояти Балиқчи туманида чет тилларини ўргатишга ихтисослашган хусусий ўқув маркази раҳбари Н.Т. (аёл киши) АҚШдаги “Jacksonville” университетига ўқишга киритишни ваъда қилиб, ўқувчиларнинг 100 миллион сўмга яқин маблағини қўлга киритган.
У ўзининг ўқув марказида инглиз тилини ўрганаётган икки нафар 11-синф битирувчисини АҚШ университетига ҳужжат топширишга қизиқтирган. Н.Т. аввалига ўқувчилардан бирининг харажатлари учун 980 доллар, ўқиш олдидан ўтказиладиган тиббий кўрик харажатлари учун 1172, университет контракт шартномасига дея 2200 доллар олган. Шу билан кифояланмасдан элчихонадан виза олиш, университет ётоқхонасига тўлов қилиш, самолётга олдиндан авиачипта харид қилиш баҳонасида яна катта миқдордаги пулларни алдов йўли билан қўлга киритади. Шу тарзда М.А. ҳамда унинг ота-онасини жами 82 миллион 446 минг 600 сўмга чув тушириб, пулларнинг ҳаммасини шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Марказ раҳбари яна бир тил ўрганувчиси А.А.ни ҳам ваъдаларига ишонтириб, унинг 13 миллион 239 минг сўм маблағини ўзлаштиради.
Н.Т.нинг “Саккиз ойдан сўнг АҚШга учиб кетасизлар”, деган ёлғонларига ишониб, натижа бўлмаслигини тушунган жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани суди раиси томонидан кўриб чиқилиб, Н.Т. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “а”, “б” бандлари ва 28, 211-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, узил-кесил 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш ҳақидаги тўхтамга келинган.
Суд ҳукми билан Н.Т.нинг қарамоғидаги уч нафар вояга етмаган фарзанди судланувчининг онаси васийлигига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда фуқарони 50 минг доллар эвазига Европа ва Мексика орқали АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахс қўлга олинган эди. Шунингдек, 24 минг доллар эвазига одамларни Канадага юбормоқчи бўлган аёл ушланганди.
LiveБарчаси