Андижонда ўқитувчилар бошини эгиб, узр сўратиш “ғоя”си қайси бошдан чиққани маълум бўлди
Жамият
−
09 Февраль 2022
39885Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ўқитувчиларни ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўратиш туман ҳокими Бобуржон Йўлдошевнинг ташаббуси бўлган. Бу ҳақда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомиловнинг ҳолат бўйича билдирган муносабатида маълум қилинди.
Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказишга топшириқ берилган. Шу сабабдан ХТБ бошлиғи туман ҳокимининг мазкур ҳолат бўйича шахсан ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қилган.
Азизбек Миркомиловнинг қайд этишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан ўтказилган аппарат йиғилишида бирорта умумтаълим мактаби директорларига ва ўқитувчиларига интизомий чора кўриш ёки уларни камситиш мумкин эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилиб, огоҳлантирилган.
Вилоят ХТБ муносабатида билдирилишича, бундай йиғилишлар ўтказилиши мумкин эмаслиги бўйича туман халқ таълими бўлими мудири томонидан, туман ҳокимининг ўринбосарига айтилган ва бу ташаббус мудир томонидан берилмаган.
“Мазкур ҳолат юзасидан менга маълум бўлганидан сўнг, мен вилоят ҳокимининг ўринбосарига ва туман ҳокимига мазкур мазмундаги йиғилишлар вилоят ҳокимининг ва устозларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлишини айтганимдан сўнг, йиғилишларни ўтказилиши олди олинди.
Юқоридаги ҳолатларни ўз вақтида олдини олмаганим учун ва устозларни ҳимоя қилмаганим учун барчангиздан узр сўрайман!”, деган Азизбек Миркомилов.
Аввалроқ, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасада таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Ўқитувчиларнинг бу тарзда камситилишича, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов узрли муносабат билдириб, айбдорларни шахсан жазолашини маълум қилди.
LiveБарчаси