Андижонда Ucell ходими компаниянинг 450 млн сўмга яқин пулини ютқазиб қўйди
3-саҳифа
−
14 Август
5073Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида Ucell компаниянинг 448 млн сўмдан ортиқ миқдордаги пулини онлайн биржада ютқазиб қўйган компания ходимига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Унга кўра, айбланувчи 1999 йилда туғилган А.И. Ucell компаниясининг Пахтаобод тумани филиалида катта сотувчи вазифасида ишлаган. Йигит 2023 йилнинг октябрь ойида компания томонидан мижозларга тўловлар учун ўтказилган 198 млн 900 минг сўм пулни ўзининг номидаги банк пластик картасига ўтказиб олган. Сўнгра ушбу маблағни Bitcoin олди-сотдиси учун Binance криптовалюта биржасига тикиб юборган.
А.И. 2023 йил ноябрь ойида шу усулда компаниянинг 249 млн 907 минг сўм маблағини ўз банк картасига ўтказиб, яна онлайн биржага тиккан. Аммо унинг омади келмаган ва компаниянинг жами 448 млн 807 минг сўм пулини ютқазиб қўйган.
Ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судида бўлиб ўтган суд жараёнида А.И. айбига иқрор бўлиб, етказилган зарарни қоплаганини, қилган ишидан пушаймонлигини айтган ва ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд қарори билан А.И. Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)да кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 1 йил давлат ҳамда давлат улуши иштирокидаги корхоналарда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Ахлоқ тузатиш ишлари жазоси мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўтаттирилиб, жазо ўташ муддати А.И. жазони ўташ учун юборилган корхона, муассаса, ташкилотда иш бошлаган кундан бошлаб ҳисобланиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда банк ходимлари пенсионерларга берилиши керак бўлган 111 млн сўм маблағни қиморга тикиб юборганди. Шунингдек, Хўжабод тумани ҳокимлиги масъулларидан бири фуқароларнинг Умра зиёрати учун деб тўлаган пулини онлайн қимор ўйинларига тикиб юборганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь