Андижонда муқаддам судланган аёл 9 кг гашиш билан ушланди
3-саҳифа
−
28 Июнь 2023
8996Андижонда муқддам судланган аёл 9 килограмм 57 грамм гашиш моддасини Фарғона шаҳрига олиб кетаётганда ДХХ ходимлари томонидан ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Олтиариқ туманида яшовчи муқаддам судланган аёл қирғизистонлик наркокурьерлар контрабанда йўли билан етказиб берган 9 килограмм 57 грамм гашиш моддасини қабул қилиб олиб, Фарғона шаҳри томон ҳаракатланмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, ДХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси, вилоят ички ишлар ва божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Кўкдала туманидаги “Умакай” ЙПХ масканида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Cobalt автомобили тўхтатилган.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг юкхонасида 2 килограмм опий ва 550 грамм гашиш моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, Денов туманида яшовчи шахс Тожикистондан келтирилган ушбу моддани Тошкент шаҳрида қабул қилиб олган вақтида тезкор гуруҳ томонидан ушланган.
ДХХ Наманган вилоят бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида эса Учқўрғон туманида яшовчи фуқарога тегишли далаҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Натижада, Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган 1 килограмм 390 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Ушбу фуқаро 12 минг долларга сотиб олинган наркотик моддани қайта сотмоқчи бўлган.
Шу билан бирга, ДХХ Тошкент шаҳар ва Фарғона вилояти бўйича бошқармалари ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда маҳаллий фуқаро 974 грамм гашиш моддасини 10 минг долларга сотган вақтида қўлга олинган.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у моддани ҳамшаҳаридан олгани маълум бўлиб, у ҳам ушланган. Мазкур наркотик модда Қирғизистондан олиб келингани аниқланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизматининг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-модда (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш)лари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.