Андижонда мактаб директори болаларни аёвсиз калтаклади (видео)
3-саҳифа
−
02 Ноябрь
13375Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида 38-умумтаълим мактабининг директори ўқувчиларни аёвсиз калтаклагани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси изоҳ берди.
Қайд этилишича, ҳодисага аниқлик киритиш мақсадида вилоят ММТБ масъуллари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли ташкилотлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ўрганиш ишларига якунларига кўра батафсил маълумот берилиши режалаштирилган.
“Шу ўринда Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси зўравонликнинг ҳар қандай турини кескин қоралаган ҳолда, ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларида педагогик этика қоидаларига риоя этиш зарур эканлигини маълум қилади”, дейилади бошқарма муносабатида.
Маълумот учун, 2022 йилнинг июль ойида вазир буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари”га кўра, ўқитувчилар жамоа аъзолари ва бошқаларнинг шахсияти, қадр-қиммати камситилиши, ўқувчиларни дарс машғулотларидан асоссиз чиқариб юбориш ёки киритмаслиги ҳамда чиқиш қўнғироғи чалингандан кейин ўқувчиларни синфхонада ушлаб ўтириши ҳам мумкин эмас.
Ўқувчилар ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирда уларнинг қоғоз ёки электрон кундалигига танбеҳ ёзилиши, қоида бузилиш ҳолатлари такроран кузатилганда эса ўқувчини мактаб ички назорат рўйхатига олиш ва якка тартибда шуғулланиш, бу ҳам фойда бермаса, қоида бузган ўқувчини бошқа синфга ўтказиш, синф жамоаси орасида муҳокама қилиш, ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)ни мактабга таклиф қилиш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Андижон шаҳридаги 5-сонли мактабда мактаб директори дарсга кечикиб келган ўқувчи қизларни ўтириб-туриш машқи билан жазолаганди.