Андижонда 4,5 млрд сўмлик товарларни яширинча олиб киришга уринганлар ушланди

3-саҳифа

image

Андижон вилоятида божхона назоратидан яшириб, қиймати 4,5 млрд сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликларни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга уриниш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ҳамда Андижон вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан “Дўстлик” чегара божхона пости орқали олиб кирилаётган юклар текширилган.

Текширув давомида тадбиркорлик субъекти номи билан расмийлаштирилган юк ҳужжатларида номутаносибликлар аниқланган.

Жумладан, божхона кўриги жараёнида ҳужжатларда умумий қиймати 12 565 АҚШ доллари деб кўрсатилган 18 турдаги товарлар орасида аслида қиймати 2 млрд сўмга яқин бўлган яна 98 турдаги маҳсулотлар яширилгани маълум бўлган.

Шунингдек, мазкур божхона постида аниқланган яна бир ҳолатда ҳам юклар “Қизил” йўлак орқали текширувга йўналтирилган.

Кўрик натижасида декларацияда умумий қиймати 11 минг АҚШ доллари кўрсатилган 13 турдаги товарлардан ташқари, юклар орасида яна 82 турдаги, қиймати 2 млрд 600 млн сўмлик маҳсулотлар яширинча олиб кирилаётгани фош этилган.

Маълум бўлишича, икки ҳолатда ҳам божхона назоратидан яширишга уринилган товарлар орасида махсус сертификат талаб этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, косметика воситалари, тиббий буюмлар, биологик фаол қўшимчалар ҳамда Ўзбекистон ҳудудида муомаласи тақиқланган электрон сигаретлар бўлган.

Божхона органлари маълумотига кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида қиймати қарийб 3,5 миллиард сўм бўлган автомобиль эҳтиёт қисмларини божхона назоратидан яширинча олиб киришга уриниш фош этилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг