Андижонда 3 кишини Умрага юбориш учун 3,4 минг доллар олган шахс ушланди
Crime
−
09:38 146 1 minute
Андижон вилоятининг Асака туманида уч нафар фуқарони Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан 3 450 доллар олган шахс қўлга олинди. У бу ишни тегишли ваколати бўлмаган турфирма орқали амалга оширишни ваъда қилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 1998 йилда Асака туманида туғилган фуқаро уч кишининг ишончига кириб, уларни Саудия Арабистонига Умра зиёратига юборишини айтган. Бироқ унинг бундай фаолият билан шуғулланиш учун ваколати бўлмаган. У фуқаролардан жами 3 450 долларни олаётган вақтида Ички ишлар бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда уч нафар фуқарони тегишли лицензиясиз Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 3 750 доллар талаб қилган сайёҳлик фирмаси раҳбари ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All