Андижонда 16 ёшли қиз “самосуд” қилинди (видео)

3-саҳифа

image

Кеча, 7 май куни Андижон вилоятида бир гуруҳ аёллар 16 ёшли қизни “самосуд” қилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум бўлишича, Асака туманида яшовчи 2010 йилда туғилган қиз ҳамда Шаҳрихон туманида яшовчи 1997 йилда туғилган аёл ўртасида Instagram ижтимоий тармоғига жойланган пост остида қолдирилган изоҳлар ортидан ўзаро келишмовчилик келиб чиққан. Кейинчалик мазкур зиддият ҳақоратли сўзлар ва ўзаро тортишувларга уланиб кетган.

“Қиз бола танишим менинг Instagram тармоқларидаги постимга ҳақорат қилиб ёзгани учун ўзини личкасига ёздим. Менда гапингиз бўлса личкамга ёзинг, гаплашиб олайлик, десам шу ерда бироз тортишиб кетдик. Ўзи телефон қилиб чақирди. Шунинг учун хўп деб бордим, гаплашиб олайлик деб. Гаплашдик, ўзи хоҳлаб чиқди ўша жойга. Мен уни пуллари ёки тиллаларини олганим йўқ, уни уриб тан жароҳати етказганим йўқ. Кейин келишиб олдик”, дейди ҳолат иштирокчиларидан бири.

Шундан сўнг соат 14:30 ларда 2010 йилда туғилган қиз ва унинг курсдоши ҳамда 1997 йилда туғилган аёл ўзининг бир нечта танишлари билан Асака ва Марҳамат туманлари чегарасида жойлашган адирлик ҳудудига борган. У ерда вояга етмаган қизга нисбатан ҳақоратли муносабатда бўлиниб, ундан узр сўратилган ҳамда ушбу жараён видеотасвирга олинган.

Билдирилишича, айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Марҳамат тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодисада иштирок этган шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида вояга етмаган қизлар “самосуд” қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон самосуд Асака

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг