Андижонда ҳам соғлом одам руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилдими?
Жамият
−
23 Июль
7118Андижон вилоятида соғлом сотувчи Психоневрология диспансерига мажбурий жойлаштирилганлиги юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаат назоратга олиниб, Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакилига ўрганиш учун юборилди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар берди.
Минтақавий вакил мурожаат қилган фуқаролар С.П. ҳамда Ў.О.лар билан шахсан суҳбатлашганда, улар 1994 йилда туғилган сотувчи шериги Б.М. соғлом бўлишига қарамай ота-онаси томонидан Андижон вилояти Психоневрология диспансерига мажбурий жойлаштирилганлигини маълум қилган.
“Ушбу мурожаат ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилди. Ўрганиш давомида фуқаро Б.М.нинг отаси, онаси ва турмуш ўртоғи ҳамда бошқа қариндошлари билан суҳбатлашилди. Уларнинг сўзларига кўра, Б.М.нинг 2 нафар фарзанди бор, қатор кўчмас мулк объектларининг эгаси. Кейинги пайтларда унинг руҳий ҳолатида ўзгаришлар бўлганлиги, ҳаттоки, 2002 йилда туғилган ва бирга савдо қиладиган фуқаро Ў.О.ни ўғил қилиб олиш ҳақида кўп гапирадиган бўлиб қолгани сабабли шу йилнинг март ойида биринчи маротаба вилоят Психоневрология диспансерига жойлаштирилган. Соғлиғи яхшиланганлиги сабабли апрель ойлари охирида олиб кетилган. Лекин кўп ўтмай фуқаро Б.М.нинг соғлиғи яна ёмонлашгани сабабли диспансерга қайта ётқизилган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, беморнинг яқин қариндошлари фуқаролар С.П. ҳамда Ў.О.лар Б.М.га ёмон таъсир ўтказганлигини маълум қилган. Улар 2024 йилнинг 23 май куни Психоневрология диспансери кичик тиббий ходими билан келишиб, бемор Б.М.ни олиб қочишга уринишган, лекин Шаҳрихон тумани ИИБ профилактика инспектори С.Азимов томонидан тўхтатиб қолинган.
Қайд этилишича, ишчи гуруҳ аъзолари бемор Б.М. билан ҳам суҳбатлашган. У ота-онасига ҳеч қандай эътирози йўқлигини, соғлиги яхши томонга ўзгарганини, шифохонада шароитлар яхши эканини айтиб, дўстлари Ў.О. ва С.П.лар шифохонага бошқа келмаслигини сўраган.
Мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра, 2024 йил 23 май куни бемор Б.М.ни даволанаётган жойидан қочишига ёрдам берган ва бошқа кунлари ҳам С.П. ҳамда Ў.О.ларни бемор олдига киритгани учун 2-бўлим кичик тиббий ходими Омбудсман талабномаси асосида ишдан бўшатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ фуқаро туман ИИБ профилактика инспектори ва маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда қонунга зид равишда Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилгани аниқланганди. Фуқарони ўзининг розилигисиз тиббий кўрикдан ўтказган шифокорга “ҳайфсан” берилди.