Андижон вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари ўзгарди
Жамият
−
14 Февраль
6743Гулнора Аҳмедова Маҳмудовна Андижон вилояти ҳокими ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Салкам 2 йилдан буён вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Гулнора Абдуллаева лавозимидан кетган. Унинг ўрнини Гулнора Аҳмедова эгаллади.
Маълумот учун, Гулнора Аҳмедова 1974 йилда Балиқчи туманида туғилган. 1996 йилда Андижон давлат университетини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқитувчи, директор ўринбосари ва директори лавозимларида, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари ва МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.
Тайинловга қадар у Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти бошқармаси Шаҳрихон тумани бўлими раҳбари бўлиб ишлаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари ўзгарганди.